Сайтимиз ходими - Дубай шаҳрида
Сайтимиз оператори Феруз Яхшибоев саёҳат қилиш мақсадида бир ҳафта Дубай шаҳрида бўлди. У ушбу эртакмонанд шаҳардаги айрим таассуротларини сиз, ўқувчилар билан бўлишишни лозим топди.
- Дубайга "Эртак-шаҳар", "Орзулар шаҳри", дея таъриф беришади, - дейди у. - Дарҳақиқат, шундай. Дубайнинг осмонўпар биноларини томоша қилар экансиз, бу ердаги ҳар бир иморат, қурилиш ишлари келажакдаги камида 100 йилни ўйлаб режалаштирилганлигига сизда ҳеч қандай шубҳа қолмайди.
828 метр узунликдаги Бурж-Халифа биносидан тортиб бошқа ноанъанавий қурилган бинолар ҳар бир сайёҳни эсдаликка расмга тушишга мажбур қилади.
Энг қизиғи, шундай катта шаҳарда деярли тирбандликни кўрмайсиз.
Айтганча, Дубайда аксарият бинолар меҳмонхона ва бизнес марказларини ташкил қилади.
Дубай шаҳрининг марказида машҳур кино фильмлар андозасида яратилган кичик шаҳарча бор. Бу шаҳарча Дубайга келган ҳеч бир сайёҳни эътиборсиз қолдирмайди. Чунки бу ерда ҳамма нарса эски темир-терсаклардан яратилган бўлса-да ҳар бир деталь кишини ҳайратда қолдиради. Энг қизиғи, ушбу шаҳарчага кириш мутлақо текин. Сиз суратда кўриб турган ағнаган юк машинаси эса овқатланиш мумкин бўлган кичик ресторан. Текин кирган сайёҳлар уялганидан ҳам бу ердан нималардир харид қилади.
Сайёҳлар эътиборини тортадиган яна бир жиҳат ҳар битта кўчада бульварлар борлигидир. Бульварларни безаб турган дарахтларнинг тагида кўча номи, дарахт ким томонидан ва қачон экилгани ҳақида маълумот берувчи QR-код бор. Уни сканер қилсангиз, барча маълумотларга эга бўласиз.