Онасидан жудо бўлган болалар бошқа турмуш қурган отаси эмас, бобо ва бувиси билан қолдирилди

Самандар (исмлар ўзгартирилган) 2008 йилда Насиба билан қонуний никоҳдан ўтиб, бирга яшаб келаётган эди. Кўп ўтмай Сирожиддин ва Чарос исмли фарзандлари дунёга келди.
Бироқ Самандар ва Насиба оилавий келишмовчиликлар сабаб 2014 йилдан кейин бирга яшамай қўйишди. Икки ўртадаги араз қонуний ажрим билан якунланмаган эди. Аммо тақдирнинг ҳукмини қарангки, 2018 йил август ойида Насиба вафот этди. Шу боис, Сирожиддин ва Чарос бобо ва бувисининг қўлида қолди.
Самандар фарзандларини қайтариб, ўзининг қарамоғига олиб беришни сўраб фуқаролик ишлари бўйича судга даъво билан мурожаат қилган. Судининг 2019 йил 2 июлдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг талаби қаноатлантирилиб, болалар бобо ва бувидан Самандарга олиб берилган.
Бироқ қизидан айрилган Ўлмас бобо ҳал қилув қарорига нисбатан апелляция шикояти бериб, набираларини ўзининг қарамоғида қолдиришни сўраган.
Суд низо юзага келган вақтга келиб, болаларни олиб бериш учун асос бўлган холатлар ўзгарган-ўзгармаганлигини, болаларни отасига қайтариш уларнинг манфаатларига мос келиш-келмаслигини аниқлаши зарурлигидан келиб чиқиб, Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази Самарқанд минтақавий филиалига сўровнома юборди.
Берилган жавоб, яъни 2019 йил 21 августдаги психологик хулосада Сирожиддин ҳамда Чарос бобоси ва бувиси тарбиясида бўлиши уларнинг жисмоний ва руҳий соғлиғига, ахлоқий камолотига ижобий таъсир этиши, болалар ҳозирги кунда илиқ оила муҳити ва эътиборда тўғри тарбия олаётганлиги сабаб ҳозирги яшаётган шароитини ўзгартирмаслик тавсия этилган.
Апелляция инстанциясида болалар доимий равишда бобо-бувисининг тарбиясида бўлиб келганлиги тарафларнинг кўрсатмалари ва иш ҳужжатлари билан ўз тасдиғини топди. Қарор чиқаришда Самандар бошқа оила қуриб фарзандли бўлганлиги, даъвогар ота сифатида бошқа шахслар олдида боласини шахсан тарбия қилишда устун ҳуқуққа эга бўлсада, ўтган йиллар мобайнида болаларининг тарбиясида етарли даражада иштирок этмаганлиги эътиборга олинди.
Шу боис болалар бобоси ва бувисига боғланиб қолганлиги туфайли Самандарга олиб берилиши уларнинг манфаатларига зид келишини инобатга олиб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори бекор қилинди.