Оптик толали алоқа кабелини узганлар жарима тўлайди
Жорий йилнинг ўтган даврида турли табиий офатлар туфайли 4 марта оптик толали кабелларга шикаст етказилгани ҳолатлари кузатилган. Мисол учун, Самарқанд вилоятининг Самарқанд, Оқдарё ва Пайариқ туманларида магистрал тармоқ узилиб, алоқа ва интернет хизматлари сифатига салбий таъсир кўрсатган.
Бундан ташқари, шундай ҳоллар бўладики, фуқаролар ёки ташкилотлар томонидан ҳам магистрал тармоқларга билиб-билмай шикаст етказилади. Жумладан, ўтган 10 ойда 4 марта турли ташкилотлар, 8 марта фуқаролар томонидан оптик толали кабель узилганлиги аниқланган.
Маълумот учун айтиш мумкинки, тармоқ узилишига сабаб бўлганлар етказилган зарарни қоплаш учун камида 3 миллион сўм, албатта, зарар миқдорига қараб кўпроқ жарима тўлайди. Жорий йилдаги магистрал тармоқларга шикаст етказиш оқибатида 62 миллион 217 минг 521 сўм жарима ундирилган.
Албатта, бундай ҳолларнинг олдини олиш учун ходимларимиз юридик ва жисмоний шахслар ўртасида зарур тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб боришади. Мисол учун, жорий йилнинг бошидан буён 4-техник боғлама кабель линияси назоратчилари томонидан жами 5979 та магистрал алоқа линиялари муҳофазасини таъминлаш бўйича огоҳлантириш хатлари тарқатилган. Бунда ўзаро, халқаро ва шаҳарлараро алоқа хизмати, радиоэшиттириш, телекўрсатувлар ва шу каби бир қанча қўшимча хизматларни бажарувчи оптик толали кабеллар ётқизилганлиги ҳақида хабардор қилиниб, магистрал алоқа кабелларига шикаст етказмаслик тушунтирилган.
Назокат ОЛИМЖОНОВА,
4-техник боғлама техник хужжатлаштириш гуруҳи ходими.