Оқдарё мактабларига вазирнинг ҳаваси келгани ростми? Пайариққа-чи?

Умумий ўрта таълим муассасалари янги ўқув йилига тайёрлигини билиш мақсадида Пайариқ ва Оқдарё туманидаги мактабларда бўлдик.

– Пайариқ туманида 99 та мактаб, 16 та мактаб филиали ҳамда 1 та “Баркамол авлод” болалар маркази бўлиб, 46 минг 233 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда, – дейди туман халқ таълими бўлими мудири Алишер Рашидов. – Жорий йилда инвестиция дастури асосида 2 та мактаб учун 2 миллиард 444 миллион сўм ажратилди ва капитал таъмирланмоқда. Яна учта мактаб “Обод қишлоқ” дастурига киритилган. Шунингдек, маҳаллий бюджет ҳисобидан 23 та мактабни жорий таъмирлаш учун 2 миллиард 196 миллион сўм ажратилди. Қолган мактаблар ота-оналар ва тадбиркорлар ҳомийлигида тайёрланяпти. 

840 ўринли мактаб 1917 нафар ўқувчини қамраб ола оладими?

Пайариқ туманидаги 6-умумий ўрта таълим мактаби 1972 йилда қурилган бўлиб, 2009 йилда капитал таъмирланган.

840 ўринга мўлжаллаб қурилган 6 та бинода жорий ўқув йилидан бошлаб 1917 нафар ўқувчи таҳсил олади. Муассаса раҳбари Қ.Ражабовнинг айтишича, мактаб таъмирга муҳтож ва синфхоналар етишмайди. Ҳолат бўйича туман халқ таълими бўлими масъуллари билан боғланганимизда тумандаги тиббиёт коллежининг биноси шу мактабга берилишини таъкидлади.

Пайариқ туманидаги умумий ўрта таълим мактаблари ҳолати билан ўтган ўқув йили бошланиши олдидан танишганимизда жуда кўп камчилик ва муаммолар кузатилган эди. Бу гал туман мактаблари анча ижобий томонга ўзгарибди.

6-умумий ўрта таълим мактабининг асосий қисмларида ободонлаштириш ишлари олиб борилган, дарахт ва гуллар экилган. Синфхоналарнинг аксарият деразалари қуёш нурини қайтарувчи пардалар билан тўсилган, хоналар деярли янги ўқув йилига тайёр. Мактабда 19 та компьютер бор, аммо улардан мақсадли фойдаланиш учун имкониятлар чекланган, интернет йўқ. Фойе ва синфхоналардаги кўплаб электр чироқлари ишламайди. Мактаб атрофида фойдаланиш мумкин бўлган анчагина ер майдони қаровсиз. У ерга нимадир экиб, даромад олиш ва мактаб эҳтиёжлари учун ишлатиш мумкин.

Кутубхонада китоблар талайгина экан. Улардан тартибли ва мақсадли фойдаланилса яхшику-я, лекин китоблар пала-партиш тахланган, чанг босиб ётибди. Газета ва журналлар ҳам бир неча ой олдинги ҳолат бўйича қолиб кетган.

Спорт инвентарлари фойдаланиш учун эмас

Шу тумандаги 5-умумий ўрта таълим мактабининг янги ўқув йилига пухта тайёргарлик кўрганига муассаса ҳудудига киришингиз билан гувоҳ бўласиз. Атроф ободонлаштирилиб, дарахт ва гуллар экилган. Хоналар таъмирланган. Фойе ва синфхоналардаги барча электр чироқлари ишлаб турибди.

– Мактаб 2008 йилда 240 ўқувчига мўлжаллаб қурилган, – дейди муассаса раҳбари Т.Кўбаев. – Янги ўқув йилидан бошлаб 488 нафар ўқувчи икки навбатда таҳсил олиши режалаштирилган. Бинони ота-оналар ва ҳомийлар томонидан ажратилган 5,5 миллион сўм асосида жорий таъмирдан чиқардик. 

Ҳудуд девор ва темир панжара билан ўралиб, муассасанинг ҳовли қисмига экин ва гуллар экилган. Бироқ ҳудуднинг ён томони тамоман бошқача экан. Атрофни бегона ўт босган. “Бу ерни ҳеч ким кўрмайди”, қабилида иш тутилган шекилли, узоқ вақтдан буён қаровсиз қолдирилгани маълум.

Яқинда, Юртбошимиз илгари сурган 5 та муҳим ташаббус ва мактабларнинг ўқув йилига тайёргарлиги билан танишиш мақсадида Нарпай туманида бўлган эдик. Шу тумандаги биз борган мактабларнинг ҳеч бирида спорт зали ва компьютер хоналаридан маҳалла ёшларининг фойдаланмаётганига амин бўлдик. Ваҳоланки, мактаблардаги спорт зали ва компьютерлардан фойдаланиш учун вилоят раҳбари ҳам кўрсатма берган эди. Афсуски, Пайариқ туманидаги мактабларда ҳам шундай ҳолатга дуч келдик. 

Масалан, 5-умумий ўрта таълим мактаби спорт зали таъмирланган, аммо у ерга кириш йўқ. Спорт инвентарлари эса бошқа хонада сақланмоқда.

Мактаб фақат ёшлар иттифоқи етакчисига керакми?

Тумандаги 87-умумий ўрта таълим мактабидамиз. Бу мактабнинг, афсуски, ҳудуди ва бир-иккита хоналари билан танишишнинг имкони бўлди, холос. Негаки, мактабга борганимизда у ерда Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг шу мактабдаги етакчисидан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Ҳатто, мактаб қоровулини ҳам учратмадик. Биз кўрган хоналарда ўқув йилига тайёргарлик ишлари оз бўлса-да, олиб борилган, аммо бино атрофида ободонлаштириш ишлари мутлақо ташкил қилинмаган, бўш, қаровсиз ерлар талайгина.

Оқдарё мактабларига Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов келдими?  

– Туманимизда 55 та мактаб бўлиб, айни пайтда уларнинг 50 га яқини янги ўқув йилига тайёр, – дейди Оқдарё туман халқ таълими бўлими мудири С.Ортиқова. – Жорий йилда инвестиция дастури асосида 1 та мактаб учун 603 миллион сўм ажратилди ва капитал таъмирланмоқда. Яна учта мактаб “Обод қишлоқ” дастурига киритилган. Шунингдек, маҳаллий бюджет ҳисобидан 15 та мактабни жорий таъмирлаш учун 1 миллиард 325 миллион сўм ажратилди. Қолган мактаблар эса ҳомийлар томонидан ўқув йилига тайёрланди. 

Авазали маҳалласида жойлашган 12-умумий ўрта таълим мактабида бўлдик. 2006 йилда 440 ўринга мўлжаллаб қурилган мактабда 725 нафар ўқувчи таҳсил олар экан. Очиғи, биз бўлган мактаблар ичида энг ободи, янги ўқув йилига тайёргарлик кўргани шу бўлди. Мактаб ҳудудига кириб боришингиз билан бағри-дилингиз яйрайди, ҳамма жой озода. Турли хил гул ва дарахтлар яшнаб турибди. Атрофда бир қарич ҳам қаровсиз қолган ерга кўзингиз тушмайди.

Синфхоналар таъмирланиб, ҳар бир хонада телевизор ўрнатилган ва ўқувчиларга бериладиган китоблар тахлаб қўйилган. Кутубхонадаги китоблар тартиб билан тахланган, газета ва журналлар ҳам эътибордан четда қолмаган. Компьютер хонаси қуёш нурини қайтарувчи ҳимоя воситалари билан таъминланган. Аммо бу мактаб ҳам интернет тизимига уланмаган экан.

Мактабга тегишли бўлган спорт зали ҳам ўқув йилига тайёр, инвентарлар жой-жойига қўйилган. Спорт зали ёнидаги ювиниш хоналаридан иссиқ ва совуқ сув келиб турибди. Туғриси, муассаса раҳбари виждонан ишлагани ва мактаб учун сидқидилдан ҳаракат қилгани маълум. Мактаб ҳовлисида жойлашган футбол майдонининг ҳам биргина ён чизиқлари йўқлигини ҳисобга олмаганда камчилик йўқ.

Муассаса раҳбари Т.Бобоёрованинг таъкидлашича, яқинда шу мактабга Халқ таълим вазири Ш.Шерматов келган ва ёшлар учун яратилган шароитлар ҳамда мактабнинг ободлигини кўргач мактаб раҳбари ва ходимларни рағбатлантириб, мақтаб кетган.

– Биз мактабни вазир келиши учун ҳозирламадик, – деди Т.Бобоёрова. – Вазирнинг бу ерга келиши тасодифий ҳол бўлди. Мактабни бу ҳолатга келтириш учун бир неча йилдан буён ҳаракат қиляпмиз. Очиғи, мактаб анчагина тартибли, чиройли бўлиши мумкин, аммо бу ерда қилишимиз керак бўлган ишлар кўп. Режадаги ишларни амалга ошириб бўлсакгина мактабимиз замон талаблари даражасида бўлади. 

Очиқ трансформатор болалар учун хавфли

Мактабимиз 1991 йилда 840 ўринга мўлжаллаб қурилган бўлиб, айни пайтда 660 нафар ёшлар таҳсил олмоқда, – дейди тумандаги 15-умумий ўрта таълим мактаби директори Б.Исматуллаев. – Ўқувчиларга 56 нафар педагог-ходим сабоқ беради.

Бинолар 2018 йилда капитал таъмирланди. Шу боис мактабни янги ўқув йилига тайёрлашга қийналганимиз йўқ, бунинг учун бизга ҳомийлар ёрдам қилди.

Мактабдаги хоналар ҳақиқатан янги ўқув йилига яхши тайёрланган. Мактабдаги 14 та компьютернинг ҳаммаси ишлаб турибди, аммо бу мактабда ҳам интернет йўқ. Муассаса раҳбарининг айтишича, компьютерларни интернетга улаш анчагина маблағ талаб этади, шу боис бу иш қилинмаяпти.

Мактабнинг олд қисмига яхши эътибор қаратилган, ободонлаштириш ишлари ташкил қилинган. Бироқ ҳудудда фойдаланиш мумкин бўлган анчагина ер майдони бўш, қаровсиз ётибди. Мактаб ҳовлисида жойлашган катта кучланишдаги трансформаторнинг эшиклари синиб, қулаб тушган. Бу болалар ҳаётига хавф солиши мумкин, аммо уни тўғрилаб қўйиш ҳеч кимнинг эсига келмаган.

Хуллас, мактабларда кузатилган камчиликларни бартараф қилса бўлади. Бунинг учун муассаса раҳбарлари озгина қунт ва эътибор билан ҳаракат қилса кифоя. 

Абдужаббор ПЎЛАТОВ,

Zarnews.uz мухбири.