Мактаб таъмири кимнинг зиммасида?
Бу мавзу айни мактабдаги ўқиш ниҳоясига етаётганда янада авж олди. Сабаби аниқ, шу ойда мартдан бошланадиган мактаб таъмири учун йиғиладиган пулни бермаган ўқувчилардан уни топшириш талаби қатъий қўйила бошлайди. Шунинг учун бўлса керак, оммавий ахборот воситаларида бу мавзу шу кунларда роса авж куйини чалди. Гўё ўқувчилардан мактаб, синф таъмири учун биринчи марта пул терилаётгандек! Тўғри, бу мавзу маҳаллий ОАВда унча шов-шувли тарзда бўлмаса-да, ҳар йили бир тилга олинади. Бунга нисбатан мутасаддиларнинг изоҳи ҳам бир хил.
Ҳатто, халқ таълими бошқармасию бўлимларида ишлайдиган кишилар фарзандлари сўраб келадиган, таъмир учун пулни бермаслиги ҳақида ҳам бир неча бор эшитганман. Бу ўқувчиларни эса ўқитувчилар мажбурлай олмаслиги табиий. Аммо қолган ўқувчилар-чи? Уларга бу талабни қўйиш мумкинми?
Директорлардан кафолат хати олинган
Вилоят халқ таълими бошқармаси бу масала бўйича қуйидагича муносабат билдирди.
«Мактабларда ноқонуний пул йиғимлари қатъиян тақиқланган. Вилоят халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги барча туман, шаҳар халқ таълими бўлими мудирлари ва умумтаълим мактаблари директорларидан мактабларда турли ноқонуний пул йиғимларига йўл қўймаслик бўйича кафолат хатлари олинган.
Ушбу ҳолатлар аниқланган тақдирда Халқ таълими вазирлигининг 1006 «Ишонч телефони»га ёки бошқарма бошлиғининг қуйидаги телеграм рақамига мурожаат қилиш мумкин.
Ихтиёрий равишда кузатув кенгашлари ташаббуси билан мактабни таъмирлаш учун мактабнинг банкдаги ҳисоб рақамига ҳомийлик маблағлари ўтказилиши мумкин.
Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғининг (+99897-915-20-75) телеграм рақами бошқарма тасарруфидаги барча турдаги таълим муассасалари ва туман, шаҳар халқ таълими бўлимларининг кириш қисмига, ҳаммага кўринадиган жойга илиб қўйилган».
Хўш, мактабни ким таъмирлайди?
Изоҳ шундан иборат. Хўш, мактаб қайси пулга таъмирланиши керак? Ахир бир йил ичида таъмирланмаган синфлар қай аҳволга тушишини тасаввур қилиш қийинмас-ку!
- Шу йил мактабимизда ўқувчилардан таъмир учун 30 минг сўмдан йиғилди, - дейди ўқитувчилардан бири. - Кўпчилик ота-оналар ўз розилиги билан берди. Кам таъминланган, уч нафар фарзанди бор оила фарзандларидан пул олинмади. Ушбу маблағлар банкка ўтказилиб, эндиликда таъмирлашга ишлатилади.
- Умуман, мактабларда ортиқча йиғимларга чек қўйилди, - дейди яна бир ўқитувчи. - Хорижда ҳам бепул мактабларда ҳар йили ота-оналар томонидан бир марта каттароқ миқдордаги маблағ мактаб фондига ўтказилиши ҳақида биламиз. Ахир ўзингиз ўйланг, мактабимиз таъмири учун 5-6 миллион сўм миқдоридаги маблағ ажратиларкан. Бу пулга бир нечтагина синфни оқлаб чиқиш мумкин, холос. Тўғри, таъмирга деб йиғилган маблағ директорга берилади. Агар мактаб раҳбари бу пул қандай сарфлангани ҳақида ота-оналар, ўқитувчиларга ҳисоб берса, кўп гап-сўзларнинг олди олинарди.
- Биз саксонинчи йиллар охирида мактабда ўқиганимизда ҳам мактаб ремонти учун пул йиғиларди, - дейди Умида Ғафурова. - Шунингдек, бу таъмирни синфдошларимиз билан бирга амалга оширардик. Меҳнат бизларни жипслаштирарди, кўпчилигимиз, айниқса, ўғил болалар бир-бири билан рақобатлашиб, бўёқ ишларини ўрганган. Шундай амалиётни жорий қилиш керак, деб ўйлайман. Ота-оналарнинг мактаб учун бир йилда бир марта пул сарфлашини нормал ҳодиса сифатида қабул қиламан. Фақат ўқитувчилар бу масалада компетентликни сақлаб турса, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга имтиёзни қўллаб, уларга бошқача назар ташламаса бўлгани. Кейин, йиғилаётган маблағ ҳисоботи берилса, ҳеч қандай муаммо бўлмайди, менимча.
Ҳақиқий вазият шундай. Хулоса эса ўз-ўзидан маълум. Мактаб таъмирига (гап реал маблағ ҳақида кетаяпти) ким пул ажратиши аниқ бўлмас экан, бюджет идоралари раҳбарлари бу ҳақда ОАВ орқали очиқ маълумот бермас экан, бу мавзу ҳар ўқув йили охирида яна бот-бот оммавий ахборот воситаларида бир чўғ олиб, сўнг ўчиб қолаверади.
Гулруҳ МЎМИНОВА.