Оқдарёдаги чақнаш “конденсат”ни эритиш учун газбаллон остига шам ёқиш оқибатида содир бўлгани айтилмоқда

Кеча, 19 декабрь куни Оқдарё туманининг Наврўз маҳалласидаги ошхонада чақнаш содир бўлиб 10 киши шифохонага ётқизилгани хабар қилинган эди.

Мазкур ҳолат айни вақтда тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда ва тез орада расмий тафсилотлар берилади.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, мазкур воқеа ошхонада газбаллонлар остига шам ёқилиши оқибатида содир бўлган.

Одатда маиший газ баллонлари маълум муддат фойдаланилгач, баллон остки қисмида чўкинди (конденсат) ҳосил бўлади. Гарчи бу хавфли ва қоидаларга хилоф бўлса-да ана шу конденсат баъзан қиздирилади. Гувоҳлардан бир нечтаси воқеа худди шу сабабдан содир бўлганини таъкидламоқда.

Фавқулодда вазиятлар бошқармаси эълон қилган расмий хабарда ҳам воқеа жойида 2 та пропан газ баллони бўлгани айтилди.

Гувоҳларидан бири Б.У.га кўра, ошхонадаги газ баллони гипсокартон билан ўралган махсус жойда бўлган. Унинг ёнида эса омборхона бўлган. Шунингдек, ошхонага чиқадиган эшик ва қолипли нон (буханка) ишлаб чиқариш цех бўлган:

- Ошхонадагилар газбаллон тагига шам ёққан. Шам қизиб порлаб кетган ва газбаллон ўртасидан ёрилган. Биринчиси панқиллаб кетиб, ёнғин бўлди. Ёнғин бўлганидан кейин иккинчиси ҳам портлаб кетди. Бу ерда деворни ўрнига гипсокартон қўйилган. Портлаш натижасида у йўқ бўлиб кетди.

Воқеа содир бўлгач, шу атрофда юрганлар бир неча куйган фуқароларга ёрдам кўрсатганини айтишмоқда.

Туман тиббиёт бирлашмаси вакилига кўра, жабрланганларга аввал туманнинг ўзида биринчи ёрдам кўрсатилиб, сўнгра республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиалига юборилган.