Оқдарёдаги кўп қаватли уйларда муаммолар бартараф этилмоқда
(Таҳририятдан: Хўш, банк ва прокуратура текширувларида аниқланган камомад суммасида нега катта тафовут бор?)
“Зарафшон” газетасининг 2019 йил 19 сентябрдаги 112 (23.234)-сонида эълон қилинган “Оқдарёда кўп қаватли уйларга эътибор қандай?” сарлавҳали мақолада келтирилган танқидий масалаларга Оқдарё тумани уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи И.Саъдуллаев муносабат билдирди.
Масъулнинг таъкидлашича, “Оқдарё тумани Лойиш шаҳарчасидаги Имом Бухорий кўчасида жойлашган 7-кўп қаватли уй учун “Агробанк” АТБ Оқдарё тумани филиали томонидан жами 128 миллион сўм кредит маблағи ажратилган бўлиб, шундан том қисми учун 80 миллион, ҳожатхона учун 48 миллион сўм пул маблағи ажратилган.
Қурилиш ишлари тугатилгандан сўнг “Агробанк”нинг Оқдарё туман филиали томонидан текширилганда 14 миллион сўм камомад чиқарилган. Туман прокуратураси томонидан текширилганда 3 миллион 250 минг сўм камомад чиқарилиб, банк ҳисобига қайтарилган.
Ҳозирда 7-уйнинг том қисмида қайта таъмирлаш ишлари олиб борилиб, барча камчиликлар бартараф қилинди.
Оқдарё тумани Лойиш шаҳарчаси Лолазор кўчасида жойлашган “Оқдарё янгиланиш” ХУЖМШга қарашли 8-кўп қаватли уй учун “Агробанк” АТБнинг Оқдарё тумани филиали томонидан жами 195 миллион сўм кредит маблағи ажратилиши кўзда тутилган бўлиб, шундан 111 миллион сўм пул маблағи ажратилган. Ушбу маблағлар ҳисобидан том қисми, фасад, отмоска, кириш йўлаклари, кириш эшиклари, канализация ишлари амалга оширилган.
Хонадон соҳиблари билан шартнома асосида уйнинг ҳар квадрат метр майдони учун белгиланган 700 сўмлик мажбурий бадал пулини тўлаш йўлга қўйилди.
Агробанк туман филиали томонидан қолган 84 миллион сўм пул маблағини жорий йилнинг 5 октябрь кунига қадар чиқарилишига ваьда берилди. Шунингдек, кўп қаватли уйлардаги камчиликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар давом эттирилмоқда”.