Оқдарёдаги шифохонада дезинфекция туннели йўқ: Масала халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясига киритилади
“Адолат” СДПнинг халқ депутатлари вилоят ҳамда Самарқанд шаҳар Кенгашларидаги депутатлик гуруҳининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда давлатимиз раҳбарининг пандемияга қарши курашишга оид фармон, қарор ва фармойишларининг жойлардаги ижроси муҳоакам қилинди.
Партия вилоят кенгаши раиси Муҳиба Бобобекова ишчи гуруҳ томонидан Ургут, Тойлоқ, Жомбой, Оқдарё туманлари ва Самарқанд шаҳрида коронавирус тарқалишининг олдини олиш, қулай санитария-эпидемиологик муҳитни таъминлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган ишларни ўрганиш натижалари тўғрисида маълумот берди.
- Пандемия шароитида маҳаллий ҳокимликлар, бошқарма ва ташкилотларнинг кириш жойларида 42 та дезинфекция туннеллари ташкил этилган бўлса-да, карантин талабларига тўлиқ риоя этилмаяпти, - дейди халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати, ишчи гуруҳ аъзоси Дилфуза Камолова. - Хусусан, Жомбой тумани молия бўлими биносига киришда дезинфекция туннелидан ўтишни ҳеч ким назорат қилмаяпти.
Тумандаги қишлоқ хўжалиги бўлими ҳамда Оқдарё тумани юқумли касалликлар шифохонаси кириш қисмига дезинфекция туннели шу вақтга қадар ўрнатилмаган. Ишчи гуруҳ томонидан ушбу муаммога масъуллар эътибори қаратилиб, ҳал этилди.
Карантин талабларига риоя этишни, яъни оралиқ масофани сақлаш, заруратсиз кўчага чиқмасликни аҳоли унутиб қўйгандек. Масалан, Самарқанд туманидаги деҳқон бозори, Самарқанд шаҳридаги “Ёшлар” истироҳат боғи, Тойлоқ туманидаги “Новзандак”, “Жумабозор” маҳалла фуқаролар йиғинларида ана шундай ҳолатни кузатиш мумкин.
Депутатлар пандемия шароитида аҳоли бандлигини таъминлаш, ночор оилаларга ёрдам кўрсатиш борасида атрофлича фикр-мулоҳаза юритишди.
Йиғилиш якунида кун тартибидаги масалани халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессиясига киритиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
“Адолат” СДП вилоят кенгаши ахборот хизмати.