Оқибат қайда қолди? Ёхуд бир мурожаат ортидаги можаролар
Каттақўрғон тумани Баландравот маҳалласида яшовчи Дилбар Эргашева Каттақўрғон шаҳридаги “Самкат Оазис дурдонаси” масъулияти чекланган жамияти савдо мажмуасидан иккита дўкон сотиб олгани, бу дўконлар 2017 йилда бузилгани ҳақида аввал ҳам мақола эълон қилган эдик.
Аслида, икки томонда ҳам етарлича камчиликлар бор. Опа ҳужжатсиз дўкони учун товон пули талаб қилаётган бўлса, бозор маъмурияти бузилган дўконнинг пулини қоплаб беришга молиявий имкониятимиз етмайди, демоқда.
Очиғи, ҳар икки томон ҳам бир-бирига ён босай демайди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари жим. Ростда, бузилган бировнинг дўкони, бузган бозор маъмурияти бўлса, уларга нима?
Аммо Дилбар опагаям тушуниб бўлмайди. Бозор маъмурияти бузилган иккита дўконнинг қурилиш материалларини олиб кетгани, ўрнига битта дўкон ва 7 миллион сўм беришга рози бўлгани ҳолда яна муаммони кўтариб юргани нимаси? Аслида бузилган иккита дўконини расман ҳужжатлаштирмаган. Қонуний жиҳатдан олганда аслида йўқ, яъни расмийлаштирилмаган дўконнинг товонини талаб қилмаяптими?
Хўш, бозор маъмурлари-чи, бузилиш-қурилиш даврида шу тахлит нечта одамнинг дўконини «текислаб» юборган? Майли, уларга пул тўлаб беришмас, лекин унинг ҳақи оддий айтганда, тешиб чиқмайдими? Тешиб чиқмасин, лекин бировнинг ҳақидан қўрқиш кераклигини бозорнинг катталари қачон тушуниб етади?
Умуман, соҳадаги «каттакон»лар бузилиш-қурилишда одамларни рози қилиш, уй ёки объект эгасини рози қилгандан сўнг бинони бузишни бошлашни қачон ўрганади? Бозордагилар қонун-қоидани ўз манфаатига бўйсундиради, аммо бу ердаги бузилишларга Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари бош бўлгани аниқку. Нега, улар собиқ педагогнинг йиллар давомида идорама-идора сарсон бўлишига томошабин?
Нега Дилбар опа дўконини вақтида ҳужжатлаштириб, қонуний асосда ишлатмаган? Буям майли, икки йил олдин бузилган дўконининг товон пули нега бир ярим йил ўтиб ёдига тушди? Ахир шу пайтгача ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилганида улар адолатни қарор топтириб бермасмиди?
Бозор катталарининг ўжарлиги, Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги мутасаддиларининг масъулиятни зиммасига олмаётганлиги оқибатида Дилбар опа вилоят ҳокимига такроран мурожаат қилишга мажбур бўлди.