Ўқитувчилар 1 январдан бошлаб устама олишлари мумкин

Мактабларда ишлайдиган ходимларга директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўловлар ҳисоблаш янги йилдан давом этади.

2021 йил 1 январдан бошлаб, ўқитувчиларга директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўловлар ҳисобланиши давом этади.

Чунки бюджет ташкилотларида ишлайдиган ходимларга директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўловлар ҳисобланиши тўхтатиб турилишига оид ҳукумат қарори лойиҳаси тайёрланмади. Яъни, қўшимча тўловларни тўламаслик бўйича ҳеч қандай кўрсатма берилмади.

Хабарингиз бор, дастлаб Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 16 апрелдаги 232-сонли қарори билан ўқитувчиларга бериладиган қўшимча устамаларни 2020 йилнинг 16 апрелидан 1 октябрига қадар тўхтатиб туриш белгиланган эди.

Кейинроқ эса “2020 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг барқарорлигини таъминлаш ва харажатларини мақбуллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ҳукумат қарори билан бу муддат 1 январгача узайтирилди.

Умумий қилиб айтганда ўқитувчилар апрель ойидан буён қўшимча устамаларни олмаётган эди.

Айни пайтда муддатни яна узайтириш бўйича бирор ҳаракат йўқ. Демак, ҳукуматнинг амалдаги қарори бўйича тўловлар ҳисобланишини тўхтатиб туриш 1 январдан бошлаб ўз кучини йўқотди.

Энди педагог ходимлар 2021 йил 1 январдан бошлаб директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланадиган қўшимча тўловларни олишлари мумкин.