Ўқитувчиларда масофадан туриб дарс бериш кўникмаси шаклланмоқда

Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан тузилган Республика махсус комиссиясининг жорий йил 21 мартдаги йиғилиши баёни ҳамда Халқ таълими вазирининг 31 мартдаги буйруғи билан ўқитувчилар ўз иш фаолиятини масофавий таълим тарзида давом эттириши белгиланди.

30 мартдан Ўзбекистонда мактаб ўқувчилари учун масофавий таълим ТВ-дарслар бошланди. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда тайёрлаган дарслар 3 та канал орқали намойиш этилмоқда.

Бундан ташқари, ҳар бир ўқитувчи дарс берадиган синфлари бўйича телеграм гуруҳлар ташкил этиши белгиланди. Самарқанд шаҳридаги 9-умумий ўрта таълим мактабида ҳам шундай гуруҳлар ташкил этилди. Мактабда 40 та синф мавжуд бўлиб, барчасида телеграм гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу телеграм гуруҳларида синф ўқитувчилари, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар, директор ва ўринбосарлар киритилган.

Ўқитувчилар телеграм гуруҳлари орқали телевизион дарсларда ўтилган мавзу юзасидан қўшимча тушунтириш, саволларга жавоб бериш ва уй фазифаларини бажаришга кўмаклашмоқда.

Ўқитувчилар кунлик онлайн дарс жадвали тўғрисидаги маълумотни бир кун олдин ўқувчиларга юбориб, уларга маълум қилмоқда. Ҳар бир ўқитувчи ўз фани бўйича телевизион дарсларни мунтазам кузатиб бориб, дарслар тугагач, ўтилган мавзу юзасидан қўшимча маълумотларни ўқувчиларга юбормоқда. Ўқувчилар “Уйда қолинг!” шиори остида турли хил кўрик-танловларда фаол иштирок етмоқда.

Нилуфар САЛОМОВА,

Самарқанд шаҳридаги 9-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси.