Ўқитувчиларга бетон қуйдирган туман ХТБ мудири ишдан олинди

Наманган вилояти, Косонсой туман марказида ташкил этилаётган “Яшил хиёбон” ҳудудида халқ таълими тизимида фаолият юритувчи техник ходимларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолати ўрганиб чиқилди.

Халқ таълими вазирининг Ҳуқуқий-назорат хизматининг ўрганиши натижасига кўра, 2019 йил 28 июнь куни “Обод марказ” Давлат дастури асосида ҳар бир таълим муассасасига 10 метрдан жой ажратилиб, директорларга бетон қуйиш ҳамда ободонлаштириш ишларини бажариш юзасидан топшириқ берилган.

Топшириққа асосан, 29 июнь куни туман халқ таълими тизимининг 80 нафар техник ишчи ходимлари янги барпо этилаётган “Яшил хиёбон” ҳудудида “шанбалик” ниқоби остида эни 1,5-2 метр, узунлиги 410 метр жойга бетон қуйиш ва ободонлаштириш ишларига мажбурий жалб этилганлиги маълум бўлди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2018 йил 14 августидаги ПҚ-3907-сон қарори ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Халқ таълими бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2018 йил 5 сентябрдаги ПФ-5538-сон фармонига мувофиқ Халқ таълими вазирлиги томонидан тизимдаги таълим муассасалари ўқитувчилари ва ишчи-ходимларини фаолиятига тегишли бўлмаган ишларга, яъни ободонлаштириш, дала ишлари, пахта йиғим-терими, мажлисларда қатнашиш, обуна, уйма-уй юриш ва бошқа тадбирларга жалб этилмаслик вазифалари юклатилган.

Ушбу ҳолат юзасидан ўтказилган ўрганиш натижаси бўйича Косонсой тумани халқ таълими бўлими мудири вазифасини вақтинчалик бажарувчи Ф.Н. вазифасидан озод этилди. М.Аллохонова Косонсой тумани халқ таълими бўлими мудири вазифасига тайинланди.

Косонсой туманидаги умумий ўрта таълим мактабларининг 80 нафар ишчи ходимлари мажбурий меҳнатга жалб этилганлиги учун мансабдор шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори номига жорий йилнинг 4 июль куни хат юборилди.