Ўқувчини урган ўқитувчига “ҳайфсан” берилди

2019 йил 15 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда тарқатилган “Ургутда ўқитувчи аёл ўқувчи қизни ургани” ҳақидаги видеога Ургут тумани ҳокимлиги изоҳ берди.

Видеодаги ҳолат 2019 йил 13 сентябрь куни соат 16:25лар атрофида Ургут туманидаги 27-умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси ва шу мактабнинг математика фани ўқитувчиси ўртасида содир бўлган.

Ўқувчи қиз мазкур мактабнинг 7“в”-синфида ўқийди. Оилада 3 фарзанд. Отаси ҳозирги кунда Россия давлатига ишлаш мақсадида кетган. Онаси уй бекаси.

Ушбу мактабда фаолият юритаётган ўқитувчи олий маълумотли математика фани ўқитувчиси. Меҳнат стажи 8 йил, II тоифали педагог.

Мактабда ўқувчи қиз дарсга эътибор қилмай, синфдошлари билан шўхлик қилган ҳамда ўқитувчига гап қайтарган. Шундан сўнг ўқитувчи қизни ўқитувчилар хонасига олиб бораётганида у устозига гап қайтарган. Бундан ўқитувчи жаҳл қилган ва ўқувчини урган.

2019 йил 16  сентябрь куни ушбу мактабда воқеа юзасидан Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи С.Усмонов, Ургут тумани ҳокимлиги, маҳалла оқсоқоллари ва ўқитувчилар иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда ўқитувчи ва ўқувчи ўртасидаги муносабат муҳокама қилинди.

Жорий йилнинг 18 сентябрь куни мактабда туман халқ таълими бўлими мудири Ғ.Абдиев иштирокида навбатдан ташқари йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда ўқувчини урган ўқитувчига 27-умумтаълим мактабининг 2019 йил 18 сентябрдаги №10-сонли бўйруғи билан, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 181-моддаси 1-бандига асосан “ҳайфсан” интизомий жазо чораси белгиланди.

Бундан ташқари, туман халқ таълими бўлимининг 2019 йил 18 сентябрдаги № 1671-сонли хати орқали 27-мактаб директорига нисбатан интизомий чора кўриш бўйича вилоят халқ таълими бошқармасига таклиф берилган.

Ургут тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.