Ўқувчиси ўқишга киролмаса, яна ўқитувчи айбдор...ми?
Ўқув йилининг тугашига ҳам саноқли кунлар қолди. Тўғрироғи, ғалвирни сувдан кўтарадиган пайт келди. Ҳозир мактаб битирувчилари бир олам орзулар оғушида. Чунки улар ҳаётга катта қадам ташлаш тадоригида турибди.
Лекин биз қаламга олмоқчи бўлган мавзумиз сал бошқачароқ. Гап шундаки, бугун айрим битирувчилар ўз ўринлари қаерда эканликларини тўғри англаб етмаяптилар. Кўча-кўйда улар билан суҳбатлашиб қоламиз. “Мана, мактабни ҳам битиряпсан, ўқишни қаерда давом эттирасан?” деган саволимизга мужмал жавоб оляпмиз. “Мактабни битираверайлик-чи кўрамиз-да”, “Билмасам, уёғини дадам билади”, “Ойим муаллимларнинг ойлиги кўп деяпти, шунга топширсаммикин?”... шунга ўхшаш жавоблар кўп.
Энди, айтинг, бундай ёшлардан нимани кутиш мумкин? Хоҳлаган мактабга борайлик. Ўқийман, изланаман деган ўқувчига етарли шароит бор. Афсуски, бундай имкониятлардан фойдаланмай, ота-онани, мактаб маъмуриятини саросимага солаётган ёшларимиз ҳам йўқ эмас. Энг ёмони, ўқишни давом эттириш бир томонда қолиб, чет элдаги қора меҳнатни орзу қилаётганларга нима дейиш керак?
Ҳозир мактаблар умумий аҳволига қараб “яшил”, “сариқ”, “қизил” тоифаларга ажратилди. Ачинарлиси, Пайариқдаги 15 та мактаб “қизил” тоифага тушиб қолган. Сабаби, мактаб ўқувчиларининг икки йилдан буён олий ўқув юртига кириш кўрсаткичи “ноль”ни ташкил этяпти. Бундай ҳолатга йўл қўйиб берган ота-оналарга ҳам “раҳмат” дейиш керак эмасми? Шунча имкониятни оёқ ости қилган ўша болага-чи. Буёқда ўқитувчининг фиғони фалакка чиқиб кетаётганлиги билан нима иши бор уларнинг? Ўқувчиларимнинг биронтаси олий ўқув юртига киролмабди, дейиш осонми? Нега ўқишга киролмайди, сен яхши ўқитмагансан, тарбия бермагансан, деган гаплар биринчи навбатда ўқитувчисига берилмайдими? Ўқитувчи нима қилсин? Таълим берганига айбдорми? Бу ерда ота-онанинг, маҳалла-кўйнинг ўрни қани?
Йилда бир марта бўладиган ота-оналар йиғилишига ҳам боришни ор биладиганлар бор. Аёлига “сен борақол барибир қўйишмайди, йўқламадан ўтгин-да келавер”. Ана сизга оддий ҳақиқат. Ўғлим ёки қизим қандай ўқияпти, қайси фанларга қизиқади, қайси касбга йўналтирсак бўлади, дейиш йўқ. Ҳеч ким индамаса бўлди, буёғи ҳаммаси беш. Эртага фарзанди ўқишга киролмаса, дунёни остин-устун қилади. “Мактабдаги муаллимларни қайтадан ўқитиш керак, фарзандим зўр эди, унга ўргатадиган ўқитувчисининг тайини йўқ” каби гапларни қалаштириб ташлайди.
Бу билан ота-оналарнинг ҳаммаси ҳам бепарво демоқчи эмасман. Мактаб ота-она - ўқувчи ўртасида тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш керак. Фарзанд келажакда қайси касбни танлайди, шунга қараб унинг ўқишини белгилаш лозим. Керак бўлса, қўшимча адабиётларни ҳам олиб берайлик. Унинг қизиқиши бундан ҳам ошиб бораверсин. Шунда самара бўлади. Юқоридагига ўхшаб “Ойим билади, дадам ундай деяпти, ўқитувчимиз фалон олийгоҳга ҳужжат топшир деяпти” каби сўзларга ўрин қолмайди.
Ҳусниддин Холдоров.