Ўриндиқлари олиб ташланган автобуслар. Барча билган бу ҳолат масъулларга нега етиб бормайди?

Кейинги вақтларда автобус ҳайдовчилари ўзбошимчалик билан автобус салонига ўзгартиришлар киритаётгани кузатилмоқда. Бугун қайси бир автобусга минманг уларда ўриндиқлар сони кам эканлигини кўрасиз. Айниқса, 51, 52, 64, 6 каби йўналишларда автобусларнинг ўриндиқлар сони автобус ишлаб чиқарилган пайтдагидан анча кам, яъни 9 ёки 10 тани ташкил этади.

Ҳар бир техниканинг ишлаб чиқарилишида маълум техник меъёрлар бўлгани сингари, автобус ишлаб чиқарилишида ҳам ўша меъёрларга амал қилинган. Кўп ҳайдовчилар эса бу муҳим техник қоидаларни ўзбошимчалик билан бузиб, нафақат ўзининг, балки йўловчиларнинг ҳам ҳаётини хавф остига қўяди.

Кекса, ҳомиладор ва ёш болали оналар жамоат транспортидаги ўриндиқлар сонининг камлигидан азият чекишади. Камига айримлар ёши улуғларга ўрин етмай қолади кўпинча. Ўзбошимчалик билан қилинган техник ўзгаришнинг хавф хатарини юқорида айтдик. Бу масала транспорт соҳаси мутасаддиларини эътиборсиз қолдираётгани қизиқ...

Автобусда ҳар бир олинган ўриндиқ жойига ўртача 3 киши тура олади. Ҳар икки бекатда улар алмашса ҳам, охирги нуқтага етганда ўша ерда 30 ёки ундан ҳам ортиқ киши турганига гувоҳ бўласиз. Аслида, ҳар бир автобусда бир вақтда 36 нафаргача йўловчи олиниши керак. Шунинг учун ҳам ўриндиқлар сони 18 тани ташкил этади. Биргина мисол қилиб 6-йўналишда юрадиган автобусни олсак, ҳар куни эрталаб соат 7:05 ва 8:20 оралиғида шу автобусда 60 тагача йўловчини кўриш мумкин.      

Уйдан чиқишимизда манзилга соғ-саломат етиб боришни истаймиз. Аммо, икки рақобатчи автобус ўртасидаги “пойга”да ҳайдовчидан кўра йўловчилар кўпроқ азият чекади. Айниқса, 51 ва 52- йўналишдаги икки рақобатчи автобуслар йўналишларининг бошланиши алоҳида нуқтада бўлишига қарамай, кейинги бекатларда йўналишлар туташгани туфайли улар рақибга айланиб, бир-биридан ўзишга ва кўпроқ йўловчи олишга киришади. Ана энди шу “пойгачи” автобусларнинг ичида, ўриндиқлар ҳам олиб ташланган салонда омонатгина илашиб турган 50-60 кишининг ҳолатини тасаввур қилаверинг.

Бу автобуслар 1 ярим соатгача вақт ичида йўналиш охиригача боради. Уларнинг кечга қолишига асосий сабаб айрим бекатларда узоқ муддат мобайнида йўловчи кутишидир.

Жумладан, Мирзо Улуғбек ва Беруний кўчаларининг кесишмасида, одамлар тилида “Паворот”, “Зебо” савдо маркази ва “Сиёб” деҳқон бозори олдидаги бекатларда шундай ҳолатни кузатиш мумкин. 5-8 дақиқа атрофида тўхталиш эса йўловчилар вақтини бекорга сарфлашга олиб келади. Бу ерда ҳам ўша муаммо олдингиздан чиқади: ўриндиқлар олиб ташланган автобусларда йўловчилар салон тўлишини тик оёқда кутишга мажбур.

Яна бир гап. Аксарият автобуслар салони антисанитар аҳволда. Баъзиларининг салони ҳафталар мобайнида тозаламаганлиги туфайли чанг ва бадбўй ҳид анқиб туради. Ҳар куни эрталаб техник назоратчилар бу ҳолатни қандай кўрмай қолиши ҳам таажжубга солади кишини. Узрку-я, айрим ҳайдовчиларнинг аҳволи автобусникидан қолишмайди... Энг асабни бузадигани ҳайдовчини бошқарув пайтида телефонда ҳаддан ташқари кўп мулоқот қилишидир.

Вилоят транспорт соҳаси мутасаддилари, албатта, юқоридаги муаммоларга ечим топади деган умиддаман. Чунки жамоатчиликнинг холис фикрлари йўловчи транспортидаги учраётган кичик муаммоларни ҳал этишда ёрдам бериши шубҳасиз.

Ҳикматулло ТОҲИРОВ.