Ўрта асрлар кулолчилик маҳсулотларидаги битиклар нимани англатади?

X–XII асрларга мансуб кулолчилик дурдоналари ислом маданияти ва санъатига оид ўзгаришларни ўзида акс эттиради.

Қадимий сопол буюмлардаги эпиграфия – каллиграфик усулда чизилган яхши тилак ва ҳикматли сўзлардан иборат бўлган. Аксарият ёзувларда хайр-саховат, инсонийлик каби фазилат улуғланган.

Масалан, “Сахийлик жаннат аҳлининг мулкидир”, “Сахийлик солиҳларнинг мулкидир” деган иборалар Сомонийларнинг кулолчилик буюмларига битилган.

Самарқандда ясалган конуссимон коса яна бир шундай ибора билан безатилган: “Албатта, саховатлининг аҳволи ўзгарса ҳам қалби олижаноб бўлиб қолаверади”.

Кулолчилик маҳсулотларидаги ҳикматлар "садақа" тушунчаси ҳақида эслатади. Унга кўра, агар имкон бўлса, камбағалларга садақа бериши керак.