Ортиқ Султонов: Кинода роль ўйнамоқчи бўлсам, ўзим сценарий, режиссёр, пул топишим керак
Ўзбек қизиқчилик санъатида ўтган асрнинг охирларида мухлислар эътиборига тушган самарқандлик сўз усталаридан иборат “Ҳандалак” гуруҳининг ҳам алоҳида ўрни бор. Мухбиримиз шу гуруҳ аъзоси, таниқли қизиқчи Ортиқ Султонов билан суҳбатлашди.
- Ортиқ ака, айтинг-чи, сизнингча, қизиқчилик касбми, санъатми ёки “хобби”ми?
- Қизиқчилик касб ҳам, хобби ҳам эмас, менинг назаримда бу – яшаш тарзи. Ижодкор сифатида ўзингиз ҳам яхши биласизки, шоир илҳоми келган пайтдагина шоирга, журналист мақола ёзаётганида мухбирга айланади. Аммо қизиқчилар шу юмуш билан доимо бирга. Шунинг учун менимча, бу иш биз учун яшаш тарзи, деган бўлардим.
Тан олиш керак, қизиқчилик кейинги авлод вакилларида кам кузатилаяпти. Халқимиз қизиқчи, деб айтаётган ҳозирги ёшлардан иборат жамоалар аслида комик гуруҳлар. Қизиқчи эса якка тарзда ижод қилиб, бир ўзи томошабинни минг машаққат билан кулдиради. Жамоа ва бир қизиқчи ижоди орасидаги фарқ жуда катта.
- Ургутнинг олис бир қишлоғидан туриб пойтахтни мўлжалга олган ва нишондан адашмаган Ортиқ Султонов бугун элга таниқли сўз устаси, олим. Бугунги даражага етиб, элга танилишингизда кимлардан миннатдорсиз?
- Умуман, устоз дегани бу – нафақат бирор бир касб ўргатувчи киши, аксинча, ҳаётнинг барча ўнқир-чўнқирлари, сир-асрорларидан шогирдини бохабар этувчи зотдир. Мен болаликда мактабда адабиёт оламига олиб кирган устозларим Олим Аҳмедов, Ўрол Маматов, Зарифа Маматовага бир умр таъзимдаман. Кейинчалик сўз устаси Худойберди Зиёдов менга қизиқчилик санъатини ўргатди. У кишидан кўп нарсаларни ўргандим.
Тошкентда институтда ўқиб юрган йилларимда ҳаёт мени яна бир бағрикенг инсон, адиб ва журналист Абдусаид Кўчимовга дуч қилди. Абдусаид аканинг ёрдами билан телевидениеда ўша йиллардаги машҳур кўрсатувлардан бири – телевизион миниатюралар театри, энг оммабоп нашр бўлмиш “Муштум” журнали саҳифаларида кўриндим.
Бундан ташқари, у киши мен билан Зокир Очилдиевнинг Ургутдан Тошкентга келиб ижод қилишимиз, “Ёшлар” телеканалида “Ҳандалак” кўрсатувини ташкил этишимизга жуда катта амалий ёрдам берган.
Менинг қизиқчи сифатида шаклланиб, элга танилишимда эса марҳум устоз, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ҳожибой Тожибоевнинг хизматлари беқиёс. Сўз усталари – Муҳиддин Дарвешов, Мирзабек Холмедов, Обид Асомовлардан ҳам жуда кўп нарсаларни ўрганганман.
Яна бир энг катта, бебаҳо устозим бор. Бу – китобдир. Жуда кўп нарсаларни китоб орқали, мутолаа орқали оламан. Айниқса, шеърият – жону-дилим. Инсон қанча кўп шеър ёдласа, шунча ақли, тафаккури чархланиб, нутқ маданияти юксалаверади.
- “Санъат фидойиликни талаб қилади” дейдилар. Афсуски, бугун баъзи қизиқчиларнинг маза-матрасиз чиқишлари ҳақида бундай дейиш қийин. Сўз санъатини илм билан боғлаб олиб бораётган ижодкор сифатида бу ҳақда нималар дея оласиз? Санъат осмонида юлдузлардан кўра пуфакчалар кўпайиб кетмаяптимикан?
- Инситутни бир гуруҳда 26 нафар ёшлар битирган бўлсак, шулардан беш ёки олти нафари санъат йўлидан кетди. Қолганлари – ҳар соҳада. Демоқчиманки, агар дилда ҳақиқий иштиёқ бўлса, у қайси касбда бўлмасин, ўз ишининг устасига айланади. Санъатда ҳам шундай. Қалбида шу соҳага нисбатан чексиз меҳр, муҳаббат, садоқат бўлган санъаткорларимиз кўп. Шу билан биргаликда, бу соҳани фақатгина обрў орттириш, тирикчилик манбаига айлантириш мақсадида юрганлар ҳам афсуски, бисёр.
Начора, улар санъат деб аталмиш катта ва мўътабар даргоҳнинг бу эшигидан кириб, наригисидан чиқиб кетаверади. Аммо ҳақиқий ижодкорлар шу даргоҳда қолади. Энди бунақа сиз айтмоқчи бўлган “пуфак”ларнинг ҳаёти, айрим саргузаштлари бизга гоҳида янги бир мавзу бўлиб хизмат қилади. Бундан ташқари, халқимизда “Ёмонни кўрмасанг, яхшининг қадрига етмайсан”, деган доно нақл бор. Шундайларнинг борлиги, мавжудлиги томошабинга саралаш имконини беради, уни доимо баҳсга чорлаб туради.
- “Ургутлик афандилар”нинг саргузаштлари яна давом этадими?
- Энди бу масала кўпроқ сценарий муаллифларига, режиссёрларга боғлиқ. Қанийди, яхши бир сценарий, режиссёр бўлса, жон деб саргузаштларнинг давомини ўйнаган бўлардим. Бундан ташқари, ҳозир кинофильмни суратга олиш учун сценарий ва режиссёрдан ташқари, каттагина маблағ талаб қилинади. Агар мен кинода роль ўйнамоқчи бўлсам, ўзим сценарий, режиссёр, пул топишим керак.
Тўғри, режиссёрлар томонидан кинода роль ўйнаш учун айрим таклифлар ҳам бўляпти. Аммо бу таклифларнинг аксарияти менинг дунёқарашим, савиямга тўғри келмайди. Шунинг учун уларни рад қиляпман.
- Сиз қизиқчилик йўналишида илмий иш олиб борган саноқли олимлардан бирисиз...
- Устозим, раҳматли Муҳсин Қодиров бир куни чақириб, “Келинг, мен анъанавий халқ театри йўлида илмий иш қиламан. Лекин шу кулги йўлида илмий иш қилиш учун ҳеч кимни жалб қила олмаётгандим. Кулгининг бугунги аҳволи, унинг янги телевизион кўриниши каби масалаларни биргаликда таҳлил қилайлик”, деганлар.
Кейин шу йўлда изланишлар қилганмиз. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг телевидение ва кинорежиссёрлик бўлимидаги сабоқлар 3-4 йиллик умрим беҳуда ўтмаганини кўрсатди. Тўғри, илмий тилга кўникиш, олимга айланишим сал қийинроқ бўлган.
Илм ичига кирганимдан кейин эса қизиқчиликка қайтишга қийналганман. Аммо шуни англаб етдимки, ҳам олим, ҳам қизиқчи бўлиш қийин экан. Шуни ўйлаб кўриб, амалиёт учун кўпроқ вақт сарфладим. Бу йўналишда орзу-истакларим кўп эди. Шуларни бирин-кетин амалга оширяпмиз.
Лекин юрагим тубида устозимиз ёққан учқун ҳамон турибди. Ният қилиб юрибман. Мустақиллик йиллари санъатига бағишлаб каттароқ илмий изланиш қиламан, деб ўйлаяпман. Маълум бир жамланмаларимиз бор. Қарашлар, фикрлар тўпланган. Лекин бу йўл-йўлакай қилинадиган иш эмас.
Ўзбек қизиқчилик санъатининг ўн асрлик тарихи бор. Аммо бу борада ҳалигача бирор-бир тайинли илмий манба йўқ.
- Ижодингиздан қониқасизми? Янги режаларингиз?
- Менимча ҳеч бир ижодкор ўз ижодидан қониқмаса керак. Негаки, агарда у ижодидан қониқадиган бўлса, ўша заҳоти у ижод сўна бошлайди. Шунинг учун у шоир ёки ёзувчи бўладими, ашулачи ёки актёрми, агарда ҳақиқий истеъдод эгаси бўлса, у ҳеч қачон ўз ижодидан қониқмайди.
Яна бир гап. Айрим санъаткорлар концерт дастури билан тўй дастурини аралаштириб юборишади. Шу ўринда, бу икки дастур ҳақида тўхталмоқчиман. Йўқ, бу иккаласи бир-биридан фарқ қилади. Концерт бу - санъаткорнинг ижодий кечаси, унинг қайсидир маънода ўз мухлисларига ҳисоботи. Тўй эса бошқа нарса. Шунинг учун бу иккаласини чалкаштирмаслик керак.
Қизиқчиларда шундай гап бор. Шу гапираётганинг охирги сўзинг бўлиб қолиши мумкин. Шунинг учун ҳамма нарсани гапиравериш инсонга ҳурмат-эътибор олиб келмайди. Йигирма йилдан ошди саҳнага чиқаётганимизга. Англадимки, сўзнинг масъулияти ҳамма учун бир. “Ўйнаб гапирсанг ҳам ўйлаб гапир”, дейишади-ку.
Театрда битта спектаклни намойиш этиш учун қирқта санъаткор саҳнага чиқади. Биз қизиқчилар бир киши ёки икки киши чиқамиз. Шу бир-икки кишида ўша қирқ кишининг илми, ғайрати, масъулияти, иқтидори бўлиши керак. Айтаётган ҳар бир гапимизни ўйлашимиз керак.
Ҳозирги кунларда янги концерт дастури, тўй дастурлари устида қизғин иш олиб бораяпман. Яқинда ота-оналар ҳақида бир қўшиқ яратдик. Бундан ташқари ўтган йили “Улфатлар ҳангомаси ёки қадаҳ сўзи”, деб номланган бир дастур тайёрладик. Ҳозир қаерга борсак, мухлислар шуни сўрашади. Айни кунларда Муротали Ўтамали билан ҳамкорликда шу дастурнинг иккинчи қисми устида ишлаяпмиз. Унда ароқхўрларнинг шундай бир хиргойиси бор:
Мушук қандай тутиб олса сичқонни, Хотин шундай тутиб олар ичганни. Қирқ йил яшаб кўрмаганман мен ҳали ичган эрнинг устидан зар сочганни. Қарига май берсанг ёшдай бўлади. Ёш ичса кўзлари мошдай бўлади. Ичганнинг олдида ичмаган одам йўлакда ётган бир тошдай бўлади.
Бундан ташқари, янги дастурда янги ҳангомалар, латифалар, пародиялар ҳам бор. Телевидениенинг каналларидан бирида ҳам янги дастур билан қатнашмоқчиман. Буёқда Республика сатира театри ишга таклиф қиляпти. Докторлик диссертацияси устида иш бошлаяпман. Хуллас, бош қашишга вақт йўқ. Ижоднинг улкан қозонида тинмай қайнаб ётибмиз.
- “Ҳандалак”нинг мазаси “оғзимиз”да қолди. Унинг келажаги ҳақида нима дея оласиз?
- Бу ҳақда ўйлаб кўраяпмиз. Гарчи, ҳозирча қўлимизда аниқ бир лойиҳа ёки йўналиш бўлмаса-да, Зокир Очилдиев билан ҳамкорликда янги дастурлар устида ишламоқчимиз. Чунки мухлислар бизни асосан “Ҳандалак” гуруҳи сифатида танишди, тан олишди. Шунинг учун бу ишончни оқлаш, томошабинларни янги дастурлар билан хурсанд қилиш ниятидамиз.
«Ҳандалак» эфирга узатилмай қўйилганлигига анча йил бўлди. Бунинг сабаби дастурнинг эфирдаги муддати тугаганди. Аслида ҳар қандай дастурнинг умри ўн йил ҳисобланади. Шундан кейин биргаликда бир неча йил концерт намойиш этдик. Лекин бу йил ўзим мустақил дастур тақдим этдим.
Бунга сабаб, йиллар давомида «Ҳандалак»ка сиғмай қолган фикрларимни жамлаб, мухлисларимга бир асар сифатида ҳавола қилдим. Мазкур концерт интернет ва дисклар орқали кенг оммага тарқалди. Баҳони доимгидек томошабинлар беради. Агар «Ҳандалак» сингари пухта лойиҳа чиқиб қолса, Зокир Очилдиев билан яна биргалашиб ҳамкорлик қилишимиз мумкин.
- Саволларга берилган жавоблардан ташқари яна газетхонларга айтмоқчи бўлган, тил учида турган гапларингиз...
- Тил учида турган гапларим кўп. Асосийсини айтадиган бўлсам, ёшлар ўқиши, билим олиши керак. Чунки “билимсиз киши бирни енгади, билимли киши мингни енгади”, деган нақл бекорга айтилмаган. Ҳадисларда айтилишича, бир кун илм излаб ўтказган куннинг савоби қирқ йил ўқилган намознинг савоби билан тенг экан.
Юртимиздаги театрларнинг ҳаммаси драманинг турли йўналишларида фаолият юритади. Эстрада санъати ўз ичига майда жанрлар: қизиқчилик, рақс санъати кабиларни олади. Биз эстрада театрида ишлашни жуда хоҳлаймиз. Бирорта маданият уйида бўлса ҳам эстрада театри ташкил этилса, ҳамма қизиқчиларнинг бошини бириктирсак яхши бўларди. Бошқа театрларда муаллиф, режиссёр ва ижрочи бирлашади. Биз эса ўзимизга ўзимиз ёзамиз, ўзимиз саҳналаштиряпмиз. Биз, аскиячи, қизиқчилар чиқишларини назорат қиладиган, қўллаб-қувватлаб, камчиликларини тўғрилашга ёрдамлашадиган маскан зарур.
Яна бир айтмоқчи бўлган гапим, инсон ҳар қандай шароитда ҳам кўнгилга эмас, ақлга қараб иш тутса яхши бўлади. Кўп тўйларда ҳали-ҳануз ортиқча дабдаба, исрофгарчиликлар бисёр. Тўй соҳиби эртага қандай яшашини ўйламайди, бугуннинг ғами билан яшайди. Бу ҳам бугунги куннинг энг катта дарди. Тўйларни-ку қўйинг, таъзия маросимлари ҳам кимўзарга ўтказиляпти. Жойларда “фалончи онасининг маъракасида 100 та тўн тарқатибди, мен 200 та тарқатаман” қабилидаги шуҳратпарастлик иллатлари мавжуд. Ахир бу - таъзия-ку! Сизнинг тарқатаётган буюмларингиз, молу-дунёнгизнинг марҳумга энди қандай фойдаси бор, оғайни?
Тилимнинг учида, дилимнинг тубида турган яна бир фикрни айтмасам бўлмайди, чамаси. Сиз, мен тенги одамлар яхши билишади, илгари маҳаллалар, овуллар, қишлоқларда одамларга, ҳеч бўлмаганда ўз уруғи, авлодларига бош бўладиган уч-тўртта фидойи қариялар, оқсоқоллар бўларди. Ҳозир баъзи маҳаллаларга борсангиз бошсиз одамни кўргандек бўласиз. Ҳар ким билганини қилади. Бировдан маслаҳат сўраш йўқ. Чунки у ерда бош бўладиган одамнинг ўзи йўқ.
Мен жойларда бўлганимда шундай оқсоқолларни қўмсайман. Ахир улар бор жойда файз-барака, иймон-эътиқод, яхшилик бўлади. Шундай эмасми?
Суҳбат сўнггида “Зарафшон” газетасининг кўпминг сонли ўқувчиларига энг самимий тилакларимни йўллайман.
- Мазмунли ва мароқли суҳбатингиз учун катта раҳмат!
Суҳбатни Ёрмамат РУСТАМОВ уюштирди.