Осмонга қараганлар қишлоғида байрам
Жомбой туманининг шимолида 41 километрга чўзилган Ғубдин тоғлари ястаниб ётибди. Манбаларга кўра, у бундан 300 йиллар муқаддам қалин дарахт ва буталар билан қопланган бўлган.
Йиллар давомида дарахтлар ёқилғи сифатида ишлатиб, яланғоч адирлар қолган. Ўтинсиз, деҳқончилик қилиш учун шароити йўқ ерларда қолган одамлар тоғнинг этагига кўчиб ўтиб, Жомбой туманининг ҳозирги Қўнғирот, Полвонариқ, Қўлбости сингари маҳаллаларини ташкил этган. Аммо ҳаличага тоғ бағрини тарк этмаганлар бор.
Туман марказидан 25 километр узоқликда жойлашган Қорақосмоқ қишлоғининг аҳолиси шулар жумласидан. Жиззах вилояти билан чегарадош қишлоқда бугун 35 та хонадон бор. Улардаги аҳоли асосан лалми деҳқончилик ва чорвачилик ҳисобига кун кўради.
— Мен бу ерга 1965 йилда тоғнинг нариги томонидаги қишлоқдан келин бўлиб тушганман, - дейди Гулсин Қаршиева. – Табиати гўзал, одамлари меҳрибон бўлгани учун ҳам шароитга жуда тез мослашдим. Тўғри, яшашимиз зўр эмас, осмонга қараган одамлармиз. Қишнинг совуғи, ёзнинг жазирамасини бошқалардан кўра кўпроқ ҳис қиламиз. Ёғингарчилик яхши бўлса, рўзғоримиз бут, йил қуруқ келса, ишимиз танг бўлади. Бироқ бундан нолимаймиз. Табиат бағрида яшашнинг машаққати бўлгани каби гашти ҳам бор.
Шундан билиш мумкинки, қорақосмоқликлар учун баҳорнинг қадри бошқача. Иссиқ кунлар келиб, дарахтларнинг гулга кириши, адирларнинг яшилликка бурканиши, қишлоқни оралаб ўтувчи сойнинг яна жонлангани уларга янги куч ва ғайрат беради.
Бу Қорақосмоқда ташкил этилган Наврўз байрами ҳамда уч авлод учрашуви тадбиридан олган илк таассуротларимиз. Бир томонда дошқозонда сумалак қайнамоқда, бошқа томонда нуроний ва ёшлар ўртасида мушоира, ғазалғонлик авж олган. Туман ҳокими Қаюм Собиров. У қорақосмоқликларни ва бутун туман аҳлини Наврўз айём билан қутлаб, бу каби тадбирларнинг ёш авлод тарбиясидаги аҳамияти ҳақида гапирди.
— Уч авлод учрашувларини атай туманимизнинг энг чекка ҳудудларида ташкил этяпмиз, - дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлими раиси Хафиза Ўсарова. – Бу ердаги аҳоли, айниқса, ёшлар эътиборга, далдага кўпроқ муҳтож. Улар тадбирларга жалб қилинган раҳбар ходимлар, олимлар, шифокорлар, жамиятимизнинг виждони саналган нуронийлар, катта ютуқларга эришган тенгдошлари билан ҳамсуҳбат бўлиб дунёқарашини кенгайтиради, мотивация олади. Куч ҳамжиҳатликдадир. Агар шу уч авлод вакиллари бирлашса, ҳам ҳудуддаги муаммолар ечим топади, ҳам янги ташаббуслар амалга оширилади.
Қорақарсак қишлоғига келсак, тўғри, ундаги аҳоли қишдан қийин чиқди. Лекин ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш, хусусан, ёшларнинг таълим-тарбия олиши учун етарли шароит яратиш чоралари ҳам кўрилаётган экан.
— 2021 йилда қишлоғимизда 9-умумтаълим мактабининг филиали очилди, - дейди ўқитувчи Бахтиёр Оҳмуродов. – 17 нафар бола бошланғич таълимни шу ерда оляпти. Ёшларни уларни илмли, касбли қилишга интиляпмиз. Ўтган йили қишлоқда тиббиёт пункти ташкил этилди. Аста-секин ҳаётимиз яхшиланиб боряпти.
Кўтаринки руҳда, бадиий чиқишларга бой тарзда ўтган тадбир қишлоқдагиларда катта таассурот қолдирганига шубҳа йўқ. Асосийси, унда айтилган гаплар, ёшларнинг таълим-тарбиясида йўлга қўйилган ҳамкорликка амал қилиниши, ҳамжиҳатлик бўлиши керак.
Асқар БАРОТОВ.