Остонада қиш: Оқдарёда уй ва мактаблар қачон иситилади?
Оқдарё туманида 35 та кўп қаватли уй, 57 та умумий ўрта таълим мактаби бор. Уларнинг куз-қиш мавсумига тайёрлиги, аҳоли хонадонлари ва синфхоналарнинг иситилганлик ҳолати билан танишиш мақсадида туманда бўлдик.
Тумандаги икки қаватли 5- ва 7-уйларда бўлганимизда уйларнинг фасад қисми таъмирлангани ҳамда ичимлик сув ва оқова сув тармоқлари янгиланганини кўрдик. Аммо 5-уйнинг ертўласида ўтин сақланяпти, электр симлари очиқ ҳолатда қолдирилган. Аҳолининг уй таъмиридан эътирози йўқ. Лекин ҳудудда марказлашган оқова сув тармоғи йўқлиги сабаб хонадонларга уланган қувурларда тез-тез сув тиқилиб қолишини айтишди. Ўтган йил табиий газ босимининг пасайгани сабабли бу йил ҳам ўтин ғамлаганликларини билдиришди.
Уларнинг яна бир муаммоси “Лойиш деҳқон бозори”га олиб борувчи йўл ва бозордан уйлар олдига ёмғир суви тўпланишидан азият чекиши экан. “Сувни қочирувчи ариқ қазилиши зарурлиги ҳақида мутасаддиларга айтган бўлсак-да натижа бўлмаяпти”, дейди аҳоли. Бу уйларда яшовчиларга хизмат кўрсатадиган хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати ташкил этилибди. Бироқ бу муаммоларни ҳал этадиган раис йўқ. Хўш, нега?
- Туманда марказий оқова сув қувури бўлмагани боис кўп қаватли уйлар олдига махсус чуқур қазилиб, ёмғир сувлари аҳоли хонадонидан чиқадиган оқова сув тармоғига уланган, – дейди туман уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи Илҳом Саъдуллаев. – Туманимиздаги 35 та кўп қаватли уйга хизмат кўрсатиш учун тўртта ширкат ташкил этилганди, аммо раис ва ходимларига ойлик маоши тўланишида муаммо бўлгани сабаб ҳаммасининг фаолияти тўхтаган. Пандемия шароитида аҳолидан мажбурий бадал пуллари йиғилишида муаммолар бўлди. Айни пайтда аҳолининг қарздорлиги 300 миллион сўмдан ортиқни ташкил этмоқда. Буни бартараф этиш, яъни кўрсатилган хизмат ҳақини ундириш учун бўлимимиз мутахассислари ва банк ходимларини жалб этдик.
Барча кўп қаватли уйлар табиий газ билан таъминланган. Бу йил аҳоли хонадонларига табиий газ етказилишида муаммо бўлмаслиги учун туман газ таъминоти бўлими билан мавжуд 601 та газ тақсимлаш қурилмаси тўлиқ таъмирланди. Лойиш маҳалласининг Имом Бухорий кўчасида жойлашган 5- ва 7-уйлар олдида сув тўпланишининг олдини олиш чоралари кўрилади.
- Туманда кўп қаватли уйлардаги муаммолар бирмунча ҳал этилди, - дейди туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Бобомурод Аролов. - Таъмирталаб 4 та кўп қаватли уйнинг том қисми маҳаллий бюджетнинг 729 миллион сўм маблағи эвазига мукаммал таъмирланди. Барча кўп қаватли уйларнинг ертўла қисмига кириш эшиклари ўрнатилди. Айни пайтда Даҳбеддаги 37- ва 38-кўп қаватли уйларнинг канализация тармоғи янгиланмоқда. Бундан ташқари, туманнинг газлаштирилмаган 18 та маҳалласи ҳудудида яшовчи аҳолига суюлтирилган газ баллони етказиш 60 кундан 45 кунга қисқарди. Шунингдек, бюджет ташкилотлари учун 1147 тонна кўмир етказилди. Аҳоли учун 3 минг тонна кўмир захираси яратилди. Бундан ташқари, “Пардаев Озод Исомиддинович” хусусий корхонаси кўмирни олиб келиб, аҳолига мақбул нархда сотмоқда.
Вилоят бўйича 15 октябрдан куз-қиш мавсуми бошланиб, ижтимоий соҳа объектлари иситилиши керак бўлса-да, тумандаги умумий ўрта таълим мактабларида бу иш бошланмаган.
Жумладан, Тўртайғир маҳалласида жойлашган 51-умумий ўрта таълим мактабининг 12 та синфхонаси кўмирга мўлжалланган 5 та қозон орқали иситилар экан. Аммо мактаб қозонлари шу кунгача ёқилмаган, синовдан ҳам ўтказилмаган.
– Бизга қозонхоналарни ишга тушириш бўйича туман халқ таълими бўлимидан ҳали топшириқ берилмади, – дейди мактаб директори вазифасини бажарувчи Моҳидил Ҳасанова. – Ўқувчилар учун бугун охирги дарс бўлди, 11 ноябрдан иккинчи чорак бошланади, ўшанда айтилса қозонхоналарни ишлатамиз. Ҳозирда 25 тонна брикет ва 5 тонна кўмир олиб келинган.
Кейинги манзилимиз Янгиравот-2 маҳалласида жойлашган 33-мактаб бўлди. Синфхоналар шу кунгача иситилмаган. Мустақиллик маҳалласида жойлашган 47-мактаб директори Дилафрўз Тўғизбоева “Қозонхона қачон ишга тушди?” деган саволимизга “Мактабимизда таъмирлаш ишлари давом этаётгани боис ҳали иккита қозон ўрнатилгани йўқ, қурувчилар ҳафта-ўн кунларда ишни якунлаймиз дейишмоқда. Қозонхоналарни ишга тушириш бўйича вазирликдан топшириқ келади. Шунда ишга туширамиз, шу кунгача фақат бошланғич синф ўқувчиларини ўқитдик”, деди.
Қизиқ, юқоридаги таълим муассасаси директорлари мактаб биносини иситиш учун кимдандир топшириқ кутиши тўғримикан? Туман халқ таълими бўлими куз-қиш мавсуми олдидан улар билан гаплашмадимикан? Ҳарқалай Чоржу қишлоғидаги 41-мактабда бўлганимизда юқоридагиларнинг аксини кўрдик. Алоҳида иккита қозон орқали бино тўлиқ иситиб келинмоқда.
Хуллас, Оқдарё туманининг айрим ҳудудларида аҳвол шундай. Бу муаммоларни мутасаддилар қайта ўрганиб, ижобий ҳал этади, деган умиддамиз.
Ҳусан ЭЛТОЕВ,
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ,
«Зарафшон» мухбирлари.