Оталик бурчини бажармаган шахс 15 сутка панжара ортида ўтирадиган бўлди
Фуқаролик ишлари бўйича Пайариқ туманлараро судининг ижро ҳужжатига асосан қарздор Р.Ҳ.дан ундирувчи А.Н.нинг фойдасига икки нафар фарзандининг моддий таъминоти учун ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларининг учдан бир қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган.
Мазкур ижро ҳужжати бўлим иш юритувига келиб тушгач, ижро иши юритиш қўзғатилган ва Р.Ҳ.нинг мол-мулкини аниқлаш мақсадида тегишли давлат идораларига сўров хатлари юборилган. Бироқ қарздор номига расмийлаштирилган мол-мулклар аниқланмаган.
Ижро ҳаракатлари давомида қарздор Р.Ҳ. бир неча марта огоҳлантирилганига қарамасдан 2019 йилнинг март ойидан буён тўламай келаётган алимент қарздорлиги ҳолатига 15 миллион 106 минг сўмни ташкил этган.
Р.Ҳ. алимент пулларини тўлашдан бўйин товлаб, қочиб юрганлиги учун унга нисбатан давлат ижрочисининг қарори билан қидирув эълон қилинган. Пайариқ тумани ички ишлар бўлими ходимлари томонидан топиб келтирилган Р.Ҳ.га нисбатан тўпланган ҳужжатлар жавобгарлик масаласини кўришлик учун Пайариқ тумани маъмурий судига юборилган.
Суд қарори билан Р.Ҳ. 15 сутка қамоқ жазосига тортилди.
Мажбурий ижро бюроси Пайариқ тумани бўлими.