Ўтган йил Самарқанд судлари қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги 37 та илтимосномани рад этди
Бу ҳақда Самарқанд вилоят суди раисининг ўринбосари, жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Толиб Бойзоқов 2025 йилда одил судловни амалга ошириш, мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан ўтказилган брифингда маълум қилди.
Қайд этилишича, 2025 йил мобайнида биринчи босқич судлари томонидан 8012 нафар шахсга нисбатан 6315 та ишлар кўриб, тамомланган. Вилоят судининг апелляция, кассация ва тафтиш инстанцияларида 1504 нафар шахсга нисбатан 1287 та иш кўриб, тамомланган. Шундан 1163 нафар шахсга нисбатан 998 та иш бўйича чиқарилган суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилган, 244 нафар шахсга нисбатан 209 та иш бўйича чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилган, 41 нафар шахсга нисбатан 26 та иш бўйича чиқарилган суд қарорлари бекор қилинган.
– Ички ишлар органлари тақдимномалари асосида жазони ўташ даврида тузалиш йўлига ўтган 3831 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 1116 нафар шахснинг жазоси енгилроғи билан алмаштирилди, – деди Т.Бойзоқов. – Жазони ижро этиш манзил колонияларидан 1182 нафар шахс тайинланган жазони ўташдан муддатидан илгари шартли ёки жазони енгилроғига алмаштирилиб, қамоқдан озод қилинди. Шу билан бирга, белгиланган тартибларни бузганлиги учун 730 нафар шахсга нисбатан тайинланган жазо оғирроғига алмаштирилди.
Судлар томонидан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақида 2690 нафар шахсга нисбатан илтимосномалар кўриб, тамомланган бўлиб, 2653 таси қаноатлантирилган бўлса, 37 таси рад қилинди.
2025 йилда кўриб, тамомланган ишлар 2024 йил билан солиштирилганида қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш жинояти 141 тага (320 фоизга), ўғирлик 196 тага (40,8 фоизга), қасддан баданга енгил шикаст етказиш жинояти 48 тага (20,3 фоизга) ошганлиги кузатилди.
2025 йилда жами 80 минг 850 нафар шахсга нисбатан 66 минг 841 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар биринчи инстанцияда кўрилган бўлиб, ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 29,7 фоиз кўпайган.
2025 йил давомида апелляция инстанциясида жами 494 нафар шахсга нисбатан 417 та, кассация инстанциясида жами 757 нафар шахсга нисбатан 703 та маъмурий ишлар кўриб, тамомланган. Бу ишлар бўйича жами 91 миллиард сўмдан ортиқ жарима жазоси тайинланган.