Ўттиз икки йил давомида матога ипда тикиб, ёзилган Қуръони Карим нусхаси
Яқинда муқаддас Умра сафарига бориш насиб қилди. Гуруҳимиз яшаган Маккаи Мукаррама шаҳрида "Hilton" меҳмонхонаси фойесига Қуръон кўргазмалари намойишидан баъзи экспонатлар олиб келиб ўрнатилган экан.
Кўргазма ва экспонатларга диққат-эътибор қилар эканман, бир Қуръон китобининг нусхаси, унинг муаллифининг сабри, ғайрати, шижоати ва матонати мени бағоят ҳайратга солди. Кўргазмага ёзилган пешлавҳанинг таржимасини Сизга ҳам улашгим келди.
Пешлавҳада қуйидагича баён этилган: "Ушбу Қуръоннинг асл нусхаси покистонлик Насим Аҳтар хоним томонидан қўлда, игна билан тикиб чиқилган. Хоним бу ишни 1987 йилда, 30 ёшида бошлаб, 32 йилда яъни, 2018 йил 62 ёшида тамомлаган.
Бу ишда хоним 300 метр мато, 25 минг метр ипдан фойдаланган, якунда Қуръон уч қисмдан иборат, жами оғирлиги 55 килограммни ташкил этган.
Ушбу меҳнат маҳсулини хоним 2019 йил Ҳаж мавсумидаги Қуръон кўргазмаси учун туҳфа этган".
Интернетдан исми билан излагандим, у кишидан олинган интервью видеолавҳаси бор экан. Видеолавҳа "Pakistanstoryofficial" расмий тармоғи томонидан жойланган. Интервьюда қуйидагилар баён этилган:
“Бундай иш, яъни Қуръони каримнинг тўлиқ қўлда матога ипда игна билан тикилиши тарихда бунга қадар бўлмаган.
Насим Аҳтар хоним Гужоратда туғилиб ўсган, шу ерда яшаб келмоқда. 3 ёшидан Қуръонни ўқишни бошлаб, 5 ёшида уни тўлиқ ўрганиб, қория бўлган. Бунда унга қишлоғига Ҳиндистондан кўчиб келган Аслам Жаландҳари исмли етук муаллим ўргатган.
Муаллимнинг қизи тикув фабрикасида ишлаган. Аҳтар хоним устози уйида Қуръонни ўрганиш билан бирга қизидан тикишни ҳам ўрганган, 10 ёшида тикишни жуда яхши ўзлаштириб олган. Аҳтар хоним онасининг кўзи яхши кўрмаганлиги учун, тикишни яхши ўрганиб олгани уйида жуда асқотган.
Панжобдаги барча оилалардаги удумга кўра, 10-синфда барча уй-рўзғор ишларига тайёр ҳолда, хоним турмушга чиққан. Турмуш ўртоғи Покистон ҳаво қўшинларида хизмат қилувчи зобит бўлган.
2,5 йилдан сўнг Аҳтар хоним ҳам Ҳаво қўшинлари академиясига ўқишга кирган. Академияда хат ёзув бўйича маҳорати туфайли котиблик қилган, тикиш маҳоратини академиядаги бошқа хотин-қизларга ҳам ўргатиш учун тўгараклар ташкил этган. Ҳатто бу борада мамлакат даражасидаги мукофотларни ҳам қўлга киритган.
Дастлаб иккита сурани матога кўчирган, ўз ишидан мамнуниятни ҳис этиб, тўлиқ Қуръонни матога қўлда тикишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Турмуш ўртоғи ҳам бу мақсадни олқиш ила қабул қилган. Бунинг учун аксарият тикиш ишларини тунлари олиб борган. Аммо, бир он ҳам ишни тўхтатиш ҳақида ўйламаган.
Бу иши асло оиласи ишлари, болалари тарбияси, ўқишига таъсир қилмаган. 30 ёшида 1 ўғил ва 1 қиз онаси бўлган. Доимо яхши бека, яхши она бўлишга ҳаракат қилган.
Ўз ишини якунлагач, яъни Қуръони каримни тўлиқ кўчириб бўлгач, бирор кишига бу ҳақда ошкор, овоза қилишни хоҳламаган, фақатгина ишни тўғрилигини текшириш учун қориларга тақдим этган. Иш уч марта қорилар кўригидан ўтгач, хонимга ушбу Қуръон бўйича сертификат тақдим этилган.
Ушбу оламшумул хабар дастлаб юрт ичида овоза бўлиб, бориб-бориб унинг меҳнати ҳақида Мадинадаги Масжид ал-Набавий ва Маккадаги Масжид ал Ҳарам расмийлари ҳам хабар топишган. Икки муқаддас масжид мутасаддилари хоним билан боғланиб, у кишининг бутун оиласини Умра сафарига чақиришган.
Хоним интервью сўнгида амалга оширган ишидан жуда бахтиёр эканлигини, ҳатто бунинг даражасини сўз билан таърифлашга қодир эмаслигини кўзига ёш келиб айтиб ўтган.
2019 йилги Ҳаж мавсумида ушбу Қуръони Карим Мадинадаги Масжид ал-Набавий масжидида ташкил қилинган Қуръон кўргазмасида намойиш қилинган. Ҳозир эса ушбу Қуръоннинг асл нусхаси Масжид ал-Набавий масжиди музейида сақланади.
Шерзод Сувонқулов.