Ўз жонига қасд қилиш Аллоҳ берган умрга ношукурлик эмасми?

Ислом дини тинчлик, инсонлар ўртасида меҳр-мурувват, ўзаро ҳурмат ва инсоний фазилатларни тарғиб қилувчи диндир. Унинг таълимотида ер юзини обод қилиш, эзгу амаллар билан машғул бўлиш, ато этилган неъматлардан фойдаланиб шукрона келтириш улкан савобларга сабаб бўлувчи солиҳ амаллар ҳисобланади. Аксинча, ер юзида фисқу фасод қилиш, ноҳақ қон тўкиш, қолаверса ўз жонига қасд қилиш кабилар қораланиб, улар оғир гуноҳлар эканлиги таъкидланади.
Афсуски, ҳозирги кунда баъзи инсонларда сабру матонат етишмай ўз жонига қасд қилаётганларининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Пайғамбаримиз (с.а.в): “Ким ўзини-ўзи бўғиб ўлдирса, дўзахда ҳам шу хил азобга қолади ва ким ўзини тиғ билан ўлдирса, дўзах оловида ҳам худди шундай азобга қолади”, - деб марҳамат қилганлар. (Имом Бухорий ривояти). Буни Аллоҳ берган ҳаётга ношукрлик оқибати, деб баҳолаш мумкин.
Бу каби салбий ҳолатлар аксарият ҳолларда вояга етмаган ёшлар ўртасида кузатилмоқда. Бунинг асосий сабабларидан бири сифатида ота-оналарнинг фарзанд тарбиясига беэътибор қарашини кўрсатиш мумкин. Афсуски, айримлар фарзандларини кичиклигидан ҳалол меҳнат орқали ризқ топиш, қариндош-уруғлар, қўни-қўшнилар, ёру-биродарлар, таниш-билишлар билан меҳр-оқибатда бўлишлик каби инсонийлик туйғуларни қалбига сингдиришга эътибор бермайди.
Эр-хотин ўртасидаги тортишув ёки жанжалларнинг бола кўз олдида рўй бериши ҳам унинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатади.
Шундай экан Аллоҳ берган умримизга шукрона қилиб яшашни фарзандларимизга ёшлигидан ўргатайлик. Токи, ҳаёт аталмиш буюк неъмат қадрига етиб яшасин.
Зайниддин Эшонқулов, Самарқанд вилояти бош имом хатиби.