Миллатимиз ўзбек, тилимиз ўзбек тили
Тилнинг тириклиги – халқнинг тириклигидир. Тилсиз халқ йўқ. Бизнинг миллатимиз ўзбек, тилимиз ўзбек тили. Ўзбеклар ҳам хонлиги, ҳам беклиги бор қадимий халқлардан. Ўтмишда туман, шаҳар ва вилоят ҳокимларига сарой аъёнларига бек деган унвон берилган.
Тили ўлган халқнинг ўзи ҳам миллат сифатида йўқолади, халқ қирилиши билан, унинг тили ҳам ўлади. Тил ва халқ ҳимоя қилинган тупроқ- ватандир. Тил халқнинг белидаги белбоғ, бошидаги байроқдир!
- Дунёда 600 та тил мавжуд бўлиб, шундан 100 га яқини адабий ва миллий тил мақомига эга. Ўзбек тили ҳам шу юзталикка киради.
- Ўз қўшинини асрай олмаган халқ ўзгаларнинг қўшинини боқишга мажбур бўлади. Тил ҳам миллатни асрагувчи қўшиндир. Тилни ҳам асрамоқ лозим, токи ўзгалар тилига қул бўлмай туриб...
- Биринчи космонавт ким? Эй ўзбекнинг боласи, сизлар беринг, тўғри жавобни: Бу Фаробий ва Берунийларга замондош Исмоил ал–Жавҳарий эди. У ўзи ясаган қанотлар билан парвоз қилганди.
- Ҳар миллат манглайида битта қуёш бўлади. Ўзбекнинг сўз мулкидаги қуёши – Алишер Навоий.
Улуғ ижодкорларнинг асарларида ишлатилган сўз бойликларига қаранг: Алишер Навоий 26 минг 35 та, Александр Пушкин 21 минг 193 та, Уильям Шекспир 20 мингдан ортиқ, Мигель де Сервантес 18 мингдан ортиқ, Абдураҳмон Жомий 17 мингта, Абдулла Тўқай 14 мингдан ортиқ сўзларни ўз асарларида ишлатган. Тилимизнинг бойлиги ва қудрати ҳақида ўзингиз хулоса чиқариб олаверинг. Тилдек ҳеч бир соҳа йўқки, миллий давлат ҳимоясига муҳтожлик сезмасин. Жаҳон лисоний мусобақасида Мир Алишер Навоий ҳазратларининг биринчи ўринни эгаллашида Султон Ҳусайн Бойқаро ўзбек(туркий)тилига давлат тили мақомини бериш ҳақидаги чиқарган фармонининг ҳиссаси борлиги шубҳасиздир.
Дунёни чериксиз олган тил,
Тилларга бек бўлиб қолган тил.
Хосиятли ўзбек тилимсан,
Миллатим, Ватаним, дилимсан!
Аллоҳим, шукрлар бўлсинки, СЎЗ деган даргоҳинг бор. Шукрлар бўлсинки, менинг қалбимга бу даргоҳ дийдори насиб этмиш. Бу даргоҳдан терган инжуларим бирла қалбимни таъриф этдим.
Онамга, отамга меҳримни изҳор қилмоқ саодатига мушарраф бўлдим.
Мен Ватанни мадҳ этсам, қўшилиб ҳамма севди.
Мен рақибни фош қилсам, ҳамма уни ёмон кўрди.
Мен ёр севсам, ундан бошқа ҳамма ишонди. Дили ишқдан яралар қўшилиб йиғлади.
Болаларим вужудига меҳримга қўшилиб, ризқига қўшилиб, сўзларим ҳам инди. Сўзларим аллага айланган чоқда бутун дунё ором олди.
Шундай сўзларни топдимки, кулдирдим, йиғлатдим, оҳлар урдирдим, тавба қилдирдим, ишонтирдим, овутдим...
Тангрим, мени сўз излаш азобига муяссар этганинг учун шукр. Сўзларни енганим сари меникига айланди. Енголмаган сўзларга асир бўлдим. Ғолиблик ва асирлик аро яшайман то сўнгги дамгача...
Юракни сўзга топширмоқ – шоирнинг қисмати. Энди азобларга тайёр тур кўнгил. Гоҳо ёлғиз юрагимизни гапимизга кўндиролмай азоб чекамиз. Миллионлаб юракларга умид бермоқ, уларни бошламоқ, нақадар азоблигини тасаввур қила оласизми?!
Тил сеҳри
Ким ким билан, билмадим,
Мен сўз билан курашдим.
Гоҳи олов бўлди ул,
Гоҳ муз билан курашдим.
Гоҳо олиб забтимга,
Осмонларда ой бўлдим.
Нон тутгандек кафтимда,
Мен ҳаммадан бой бўлдим.
Нимта – нимта юракни,
Сўз бўлмаса нетардим.
Айтолмайин дардимни,
Гунглар бўлиб ўтардим.
Сўздир менинг дугонам,
Ҳам сирдошим, ҳам синглим.
Ҳам боламу ҳам онам,
Гоҳ бут, гоҳ ярим кўнглим.
Сўз менинг ўтган умрим,
Сўз, жоним асраган жон!
Дилимда йўлбарс каби,
Ҳайқириб турган Ватан!
Икки қишлоқ чавандозлари кўпкарида бир-бири билан аразлашиб, отлари каби асов йигитларнинг ҳар бири ўзиникини маъқул қилиб, катта жанжалнинг ҳиди келиб турган чоғ, ёши катталар бу номаъқулчиликдан хавотир қилиб турган чоғ, Эргаш Жуманбулбул дўмбираси билан давра ўртасига чиққан экан. Сўзнинг қудрати, дўмбиранинг садолари билан қизишманинг тафтини босган экан. Бир –бирига қони, жони қўшилиб кетган икки қишлоқнинг йигитларини яраштириб қўйган экан.
***
Хатирчи музофотига чигиртка балоси бостириб кириб, ўтган излари қоп–қора бўлиб, на экин-тикин, на дов-дарахт қолмай бирдай кемириб кетаётган дамда, курашчилар даврасига нафаслари ўт бахши Эргаш Жуманбулбул ўғли укаси билан келиб қўшилган, чигиртка дарёси билан олишаётган халқни руҳлантириб турган экан. Кураш халқнинг ғалабаси билан тугаган экан.
***
Элатлардан элатларга туялар карвонида, отлар уюрида, кабутарлар тумшуғида олтиндан қиммат мактублар учган. Донолик билан битилган сўзлар қиличнинг кучи етмаган муаммоларни ҳал қилган.
***
Тарихда бундай мисоллар жуда кўп. Жалолиддин Мангубердининг аламли тарихини ёзган муаррихнинг битикларида бир воқеа шарҳи бор: Жалолиддиннинг мислсиз жасорати Чингизхонни ташвишга солган пайтлар эди. Унинг йигитлари фақат енгиб чиқишга қодирлигидан бинолари баланд эди. Бир жангда йигитлари гижинглаб турган Қорабайир зотли отни қўлга киритадилар. Икки номдор лашкарбошиси шу отни талашиб қолишади. Ҳар қайсиси отни ўзига олишни истайди. Саркардаларнинг ёши улуғ, Жалолиддин ёш йигит эди. Бир –бири билан урушиб қолган саркардаларни яраштиролмайди. Йигитларини олиб, икки ёққа кетган лашкарбошилар охири енгилиб, ҳалокатга учрайдилар. Уларсиз қолган Жалолиддин ҳам мағлубиятга учрайди...
Эҳ, ўшанда икки очкўз лашкарбошини яраштиргич сўз бўлса эди! Уни топиб айтгич шоир бўлса эди, Жалолиддин Мангубердининг тарихи бошқача ёзилармиди?! Шу армон ҳамиша менинг нозик елкамдан босади. Шоири йўқ эл элми, қўшиқсиз босилган йўл йўлми? Шоири йўқ юртнинг ғурурини, орини ким куйлайди? Полвонларини ким алқайди? Юртини аяш ўрнига, йиқилганларни суяш ўрнига бир –бирини йиқитиб кетган ботирларни ким йўлга солади? Жангга кираётган алпларнинг дилига ким шиддат ва муҳаббат алангасини жойлайди?!
Агар илгарироқ туғилганимда, икки лашкарбошини йўлдан қайтариш учун нималар деб бўзлардим!?...
Отларининг туёғида Ватан кетди айрилиб,
Ор – номуси букилиб отанг кетди қайрилиб.
Аразлама, ортингга қайт, ботирим
Ватаним деб бир марта айт, ботирим.
Кетма ботир, ёринг кимга қоладир,
Оқсоч онанг –зоринг кимга қоладир.
Базму жамшид қилар кунлар келганда,
Қўлингдаги торинг кимга қоладир?
Онангдан ҳам от яхшими, ботирим,
Отангдан ҳам от яхшими, ботирим,
Отни миниб чопар жойинг қайда бор,
Ватандан ҳам от яхшими, ботирим?!
Тилим чиққан дамлардан бошлаб, сўз излаш қисматига дучор бўлдим. Сўзлар китобларга ёзилишини англаган кунлардан ва китоб мактабда ўқитилишини билганимдан бошлаб, мактабга боришни орзу қилдим. Олти ёшимда етти ёшлик дугонамга эргашиб, мактабга бордим. Орзуларимни англатишга тилим келишмай, йиғладим. Сўзларни излаб, мактаб кутубхонасига, қишлоғимиз кутубхонасига, сўнг туман кутубхонасига қатнадим. Китоблар мўъжизадай туюлар эди. Сигир боққани чиқсам ҳам китоб ўқирдим. Далага ишга чиқсам ҳам китоб ўқирдим.
Бу одатим сира қолмади. Айтаверсам, узоққа кетиб қоламан. Ўчоққа ўт ёқсам ҳам, бешик тебратсам ҳам ўқирдим, ташналик билан ўқирдим...
Кейин Муродулла акажоним мени дугоналарим билан Тошкентга ўқишга олиб борди. Бизлар талаба бўлдик. Ўқишимизни сиртқи бўлимга кўчириб, бир йилдан сўнг, қишлоққа қайтдик.
Математика фанидан дарс берганимда ҳам, йигирма беш ёшимда ўрта мактабда директор бўлиб иш бошлаганимда ҳам сўз сеҳри мени тарк этмади. Ўзбек тилимнинг ранго-ранг жилолари, оҳанглари халқ билан, ўқувчиларим билан диллашувимга, тиллашувимга имконлар берди. Сўнг сўз ортидан Самарқандга кўчиб келдим. Бу ерда сўз усталарининг, устозларнинг суҳбатларини олдим. Яратган мени сўз излаш бахти ва машаққатларига дуч қилди. Ёзганларимда бу туйғулар ҳақида айтдим:
Совчилар уйма-уй қиз излаб юрар,
Овчилар қирма-қир из излаб юрар,
Ҳар кимни ҳар кўйга солмиш худойим,
Шоирлар дилма-дил сўз излаб юрар.
Машрабни сиртмоққа солган ҳам шу сўз,
Қодирий эркини олган ҳам шу сўз,
Ҳақ учун бошини ноҳаққа бериб,
Одамдан одамга қолган ҳам шул сўз.
Гарчанд товонларни куйдиргайдир чўғ,
Гарчанд кўксимизни излаб юрар ўқ,
Сўз излаб келганмиз бизлар дунёга,
Шу сўзни топмайин оромимиз йўқ!
Хосият БОБОМУРОДОВА, шоира.