Ўзбек аёли японияликларга миллий таомлар ва урф-одатларимизни ўргатмоқда
Ўзбекистонлик Маҳбуба Камолова японияликлар орасида сомса, чучвара каби миллий таомларимиз ҳамда урф-одатларимизни фаол тарғиб қилмоқда. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
2010 йилдан буён Япониянинг Фукуока префектурасида истиқомат қилаётган бу ватандошимиз ҳам бошланғич ва ўрта мактаблар, лицей ва олий таълим марказларида таълим олувчи япониялик ёшларга Ўзбекистоннинг тарихи, маданияти, туризм салоҳияти, урф-одатлари ва миллий қадриятлари бўйича таълим беради.
Камолова ўзининг меҳнатсеварлиги ва ишига бўлган садоқати орқали японияликлар орасида алоҳида ҳурмат ва эътибор қозонган. Юртдошимиз тақдимотларда япон ёшларига ўзбек миллий таомларини тайёрлаш, миллий либослар тақдимоти ва мамлакатимизнинг қадимий шаҳарлари тўғрисида ахборот бериб, мамлакатимиз туризм салоҳиятини тарғиб қилишга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Маҳбубанинг дарсларида иштирок этаётган ёшлар сонининг тобора ошиб бориши эса Япония ёшлари томонидан Ўзбекистонга бўлган қизиқиш кун сайин ортиб бораётганидан далолат беради.