Ўзбек буғдойи ёхуд ҳаётга менгзалувчи неъматни етиштиришдаги ишларга бир назар

Ўтган асрнинг 90-йилларидаги статистик хабарларда мамлакатимиз далаларидан — ҳар гектардан 16 центнердан ғалла ҳосили олингани ҳақида маълумотлар келтирилгани кечагидек эсимда. Бевосита шу соҳа вакили, мутахассиси, илм одами сифатида бу мени кўп ўйлантирарди: етиштирилган ушбу ҳосил камми ёки етарли?

Тўғри, мустақилликнинг дастлабки йилида Ўзбекистон аҳолиси қарийб 21 миллион киши эди. Ҳатто ўша кезлари омборларимизда бор-йўғи икки ҳафтага етадиган дон захирамиз қолгани ҳақидаги хабарларни ҳам эшитган эдик. Бу зудлик билан зарур чоралар кўришни тақозо этадиган ҳолат эди.

Ҳозир қарийб 40 миллионга яқинлашиб қолган Ўзбекистон халқининг тўқ ва фаровон, аҳил, тинч ҳаётини кузата туриб, хаёл беихтиёр ўша даврларга кетади. Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар, ўзгаришлар самараси қалбда шукрона туйғусини уйғотади. Чунки ортда қолган йиллар ичида, айниқса, ғаллачиликда эришилган ютуқларни бошқа бирор соҳада эришилган муваффақият билан тенглаштириб бўлмайди. Зеро, буғдой ризқ-рўзимиз, тўкин дастурхонимиз,хотиржамлигимиз, осойишта ҳаётимиз манбаи. Тўй-томошаларимиз, оддий кунимиз бебаҳо нон билан ўтади. Шукрки, бугун юртимизда ушбу неъмат етарли. Самарқанд нони, Хоразм нони, Қўқон патири, Тошкент кулчаси ва яна қанча-қанча нон тури дастурхонимизда муҳайё. Ҳеч кимда нон ташвиши йўқ.

Нон - бебаҳо, таърифига сўз етмайдиган, инсон учун тенги йўқ қийматга эга, муборак инъом. Уни ҳаётга менгзашга ҳақлимиз. “Авесто”да ноннинг табарруклиги эътироф этилиб, буғдойга бундай таъриф берилади: “...Тупроқда буғдой ўстирилганда девлар терга тушиб қийналади. Қачонки, донни хирмонда совуришга тушгандадевлар кучсизланиб, ожиз ҳолга тушади. Қачонки уй бекалари қозонида ундан овқат пишира бошлаганида девлар қўрққанидан шамолдек учиб ғойиб бўлади”.

Далаларда бошини эгиб, солланиб турган буғдой бошоқларини фермер ёки деҳқон 9-10 ой мобайнида далада елиб-югуриб етиштиради. Ўйлаб кўринг, ерга тушган бир дона дон нон бўлгунига қадар қанча одам тер тўкади? Ерга тушган дон ўз-ўзидан нонга айланиб қолмайди-ку!

Гапни нега узоқдан бошладик. Чунки бугун дунёнинг қайсидир жойида очарчиликдан азият чекаётган одамлар сони икки баробар ортиб, 1 миллиард 600 миллиондан ошиб кетди. Экология, табиат инжиқликлари, турли офату талафотлар туфайли зарур озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш ҳам анча мураккаблашиб бормоқда.

Шу боис, Ўзбекистонда аҳолини озиқ-овқат билан тўла-тўкис таъминлаш масаласи энг биринчи вазифа сифатида белгилаб олинган ва бу мақсаддаги саъй-ҳаракатлар самара бермоқда. Кўрилаётган чора-тадбирлар туфайли далалардазамонавий технологиялар қўлланиб, донетиштириш ҳажми йилдан йилга ошиб боряпти. Ваҳоланки, бир вақтлар республикамизда серҳосил буғдой нави деярли йўқ эди. Шу боис, хашаки буғдой сифатида яратилган “Улуғбек-600” нави катта майдонларга экиларди. Ушбу навдан ёпиладиган ноннинг хамири тандирда турмай, оқиб кетаверарди.

Бундан ташқари, деҳқон танлаши мумкин бўлган “Безостая-1”, “Интенсивная” навлари сувли ерда ва “Қизил шарқ”, “Сурхак” каби навлар лалми майдонларда экиларди, холос. Бугун эса республикамиз далаларида давлат реестрига киритилган 76 та юмшоқ ва 13 та қаттиқ буғдойнави экилиб, юқори ҳосил олинмоқда.Ҳосилдорликни гектарига 75-85 ёки 100 центнерга етказаётган фермерларимиз сафи кенгайиб боряпти.

Албатта, юқори ҳосил олиш замирида катта меҳнат ётади. Янги навлар яратилишида соҳа олимлари, тажрибали фермерлар ҳамкорлиги самара беради. Ана шу омилкорлик туфайли ҳозир Германияда гектаридан 75,3 центнергача, Францияда 68 центнергача, Мисрда 64 центнергача,Хитойда 57 центнергача буғдой ҳосилиетиштирилади. Бу борада рекордчилар ҳам йўқ эмас. Хусусан, 2020 йилда янги зеландиялик фермер 1 гектар ердан 174 центнер ҳосил олишга эришган бўлса, буюк британиялик фермер мазкур кўрсаткични 179,6 центнерга етказган.

Юртимизда ҳам буғдойдан юқори ҳосил олиш учун қатор ишлар қилинмоқда.

Аввало, мамлакатимиз қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун янги қарор ва қонунлар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Соҳага хориж технологияси изчил жорий қилиняпти. Четдан келтирилган серҳосил, ҳашарот ва касалликларга нисбатан чидамли буғдой навлари экологик синовлардан ўтказилмоқда. Пировардида ишлабчиқаришга серҳосил, янги селекцион навлар кириб келиб, улар экиладиган майдон 600 минг гектардан ошди.

Ғалла ҳосилдорлиги ортишига яна бир сабаб шуки, фермер хўжаликларига дон етиштириш учун ажратилган имтиёзли кредит маблағидан эркин фойдаланиш ҳамда хизмат кўрсатувчи ва ресурсетказиб берувчиларни ихтиёрий танлаш ҳуқуқи берилди. Донни давлат томонидан харид қилиш ва сотиш нархи бекор қилиниб, биржа механизми жорий этилгани ғалла етиштирувчилар манфаатдорлигини таъминлади. Шунингдек, жорий йилда қарийб 5 мингга яқин фермер 285 минггектар ерда ўз маблағи ҳисобига ғалла етиштиргани ҳам ислоҳотларнинг ёрқин ифодасидир.

Бугун саккиз қаторли техникаларданфойдаланиш ғаллани экиш жараёнини тезлаштириб, 12-14 кунда якунлаш имкониниберди. Бинобарин, бу техника олдингиси икки кунда уддалаган ишни бир кунда бажаради.

Республикамизда БМТнинг Озиқ-овқат вақишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) биланбиргаликда янги замонавий технологиялар устида ишланмоқда.

Мамлакатимизда ғалла ҳосили йил сайин ошиб боришида илмий муассасалар ҳам алоҳида ўрин тутади. Андижон вилоятидаги Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти ва унинг республика ҳудудидаги илмий тажрибастанциялари, Қашқадарёдаги Жанубийдеҳқончилик илмий-тадқиқот институти ҳамда Жиззах вилоятидаги Лалмикор деҳқончилик илмий-тадқиқот институти шулар сирасидан. Уларда фаолият юритаётган селекционер олимлар юқори ҳосилдор, эртапишар буғдой навларини яратса, иккинчидан, хориждан келтирилган, касаллик ва ҳашаротларга чидамли, серҳосил навларни республикамиз тупроқ-иқлим шароитига мослаштириб, фермер хўжаликлари учун тавсия қилмоқда.

Пахтачи туманидаги “Мирзаев Шуҳрат Кенжаевич” ғаллачилик кластери, Иштихон туманидаги “Равот янги ерлари”, Каттақўрғон туманидаги “Бегмурод Абдуллаев кумуш даласи”фермер хўжаликларида гектаридан 100 центнердан ортиқ ҳосил олингани шундай саъй-ҳаракатлар самарасидир.

Бу борада андижонлик фермерлар ҳаметакчилардан. Масалан, жорий йилда вилоятдаги “Дурбек олмоси” фермер хўжалиги ҳосилдорликни гектарига 95,6 центнерга, “Оқ булоқ” фермер хўжалиги 98,7 центнерга, “Обод диёр” фермер хўжалиги 98,4 центнерга, “Эгамназаров Ёрқинбекагро” фермер хўжалиги 95,6 центнерга етказди.

Қашқадарё вилоятидаги Жанубий деҳқончилик илмий-тадқиқот институти олимлари томонидан Қорақалпоғистоннинг Тахиатош туманидаги “Тўраев Султонмуродбий” фермер хўжалигига тавсия этилган “Турон” навидан 80 центнерданортиқ дон ҳосили олинди. Умуман, республика ҳудудида 5 мингдан ортиқ фермер хўжалиги 100 центнердан юқори, 18 мингдан ортиқ фермер хўжалиги 90 центнергача дон ҳосили етиштиргани эътиборга молик.

Яқинда Президентимиз Фарғона вилоятига ташрифи чоғида Лола Муротова номидаги қишлоқ хўжалигига ихтисослашган касб-ҳунар мактаби очилишида иштирок этди. Ушбу маросимда мен ҳам қатнашиб, давлатимиз раҳбарига ғаллакорларимиз ҳар гектардан 121 центнергача ғалла йиғиб олаётганини айтдим. Президентимиз “Ҳали бу марра эмас, насиб қилса, биз гектаридан 140-150 центнердан дон олишга янги технологиялар натижасида эришамиз”, деди.

Чиндан ҳам инсон ақл-заковати, меҳнати, ғайрати билан кўзланган мақсадларга эришилади. Қолаверса, мамлакатимизда фермер ва деҳқонларни, ғаллакорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар изчил амалиётга киритилмоқда. Янги техника ва технологиялар ишга тушириляпти. Олимларимиз сифатли ва серҳосил, турли стресс омилларга чидамли навларни яратиш учун изланишда. Ҳамкорлик, тажриба яхши йўлга қўйилаётир.

Дони борнинг нони бор. У хотиржам яшашга ҳақли. Зотан, дунёдаги энг яхши, ўхшаши йўқ ҳид янги ёпилган нон ва тинч ухлаётган гўдак ҳидидир. Дунёда кузатилаётган турли вазиятлар, глобал муаммолар озиқ-овқат хавфсизлигини асосий масалага олиб чиқаётган ҳозирги даврда бу жуда аҳамиятлидир.

Дилором Ёрматовапрофессор.