Ўзбек мадҳияси

Мадҳияси бўлар ҳар бир давлатнинг,
Навоси турлича – жарангдор, майин.
Инсон юксалишин сезар савлатнинг,
Қалби улғайгандек эшитган сайин.

Наҳотки, бор бўлса таронада сир,
Янграса юракни чулғар ҳаяжон.
Тош қотар, оҳангга бўлгандек асир,
Сукутга чўкади жумлаи-жаҳон.

Жо юртнинг тарихи ўн икки байтда,
Ва, буюк келажак – шонли-шавкатли.
Кезади мадҳия янграган пайтда
Соҳибқирон руҳи – ботир, шафқатли.

Илмнинг ўчоғи кўҳна Тўроним,
Ал жабр – тараққиёт сари ихтиро.
Алп қаддингни букди ғафлат сўрони,
Не кўйларга солди хурофот, шўро.

Юртим бугун яна қайтдинг аслингга,
Дур-олтин ўз номи билан аталсин.
Фақат ҳавас қилмай энди васлингга
Доно элингга ҳам ўқирлар таҳсин.

Амалга ошгайдир ҳар яхши ният,
Эртаси порлиқдир жумла-жаҳоннинг.
Қаддини кўтарсин бутун башарият,
Мадҳияси янграр Ўзбекистоннинг.

Хуршид НУРУЛЛАЕВ.