Ўзбекистон 74-ўринда: халқаро паспорт рейтинги янгиланди

Henley&Partners томонидан 2026 йил апрель ҳолати бўйича эълон қилинган ҳисоботга кўра, Ўзбекистон паспорти халқаро рейтингда ўз позициясини бир поғона яхшилаб, 74-ўринга кўтарилди.

Йил бошида мамлакат 75-поғонада эди. Янгиланган натижада Ўзбекистон бир поғона юқорилаб, Қирғизистон ва Мозамбик билан бир қатордан жой олди. Ҳозирги кунда Ўзбекистон фуқаролари дунёнинг 59 та давлатига визасиз ёки бориш вақтида соддалаштирилган тартибда (аэропортда) виза олиб кириш имкониятига эга.

Марказий Осиё давлатлари орасида етакчилик Қозоғистонга тегишли бўлиб, у 61-ўринни эгаллаган ва унинг фуқаролари 78 та давлатга визасиз кира олади. Шунингдек, Тожикистон 81-ўринда (54 та давлат), Туркманистон эса 87-ўринда (47 та давлат) қайд этилган.

Рейтингнинг юқори қисмида Сингапур жойлашган бўлиб, унинг фуқаролари 192 та йўналишга визасиз саёҳат қила олади. Кейинги ўринларда Япония, Жанубий Корея ва БАА турибди — улар фуқаролари 187 та мамлакатга эркин кириш имкониятига эга.