Ўзбекистон бир нечта давлатлар билан авиапарвозларни босқичма-босқич тиклайди
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида туризм ва спорт соҳаларида амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгуси йилдаги вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда келгуси йилда 1,7 миллион хорижий, 7,5 миллион маҳаллий сайёҳларни жалб қилиш, туризм хизматлари экспортини 370 миллион долларга етказиш мақсад қилингани маълум қилинди.
Бу борада энг катта манба, аввало, зиёрат туризмидир. Юртимизда ислом динига оид кўплаб зиёратгоҳлар, яҳудийлик, буддавийлик ёдгорликлари бор. Бу имкониятдан фойдаланиб, 700 минг зиёратчини жалб қилиш ва 130 миллион долларлик хизматлар экспортини таъминлаш мумкин.
Шу боис келгуси йилдан Европа мамлакатлари, Малайзия, Индонезия, Покистон, Таиланд, Япония каби давлатлар билан авиақатновларни босқичма-босқич тиклаш, янги рейсларни йўлга қўйиш бўйича кўрсатма берилди.
Шунингдек, Миллий авиакомпаниямизда чипталар нархи баландлиги танқид қилиниб, уни арзонлаштириш вазифаси қўйилди.