Ўзбекистон Қирғизистонга инсонпарварлик ёрдами жўнатди
Ўзбекистон президенти ташаббуси билан қўшни Қирғизистонга коронавирус «COVID-19» касаллигини бартараф этишга кўмаклашиш мақсадида инсонпарварлик ёрдами юборилди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.
Андижон вилояти Қўрғонтепа туманидаги темирйўл станциясидан минг тонна ун, турли озиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишда фойдаланиладиган бир марталик бош кийимли ҳимоя комбинзони, респиратор, қўлқоп, ҳимоя кўзойнаги, пирометр ҳамда тест-системалар ортилган поезд қўшни республикага жўнатилди.
«Ўзбекистон халқидан Қирғизистон халқига инсонпарварлик ёрдами» шиори остида ташкил этилган инсонпарварлик ёрдами Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Андижон вилояти ҳокимлиги, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ, «Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компанияси тасарруфидаги «Қўрғонтепа дон маҳсулотлари» акциядорлик жамияти ҳамда мамлакатимиздаги фармацевтика корхоналари ҳамкорлигида амалга оширилди.
Инсонпарварлик ёрдами ортилган махсус эшелон Қирғизистоннинг Ўш шаҳрига йўл олди.