Ўзбекистон ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи: Ютуқлар нимада акс этади, ютқазиқлар-чи?

Президентимиз жорий йилнинг 24 январь куни Олий Мажлисга Мурожаатномасида “...фуқароларимизга қулай шарт-шароит яратиш мақсадида бугунги кунда Ўзбекистонннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) билан ҳамкорлик қилиш билан боғлиқ масалалар ўрганилмоқда. Биз, албатта, ушбу жиддий масалада, энг аввало, халқимизнинг манфаатларидан келиб чиқиб, унинг хоҳиш-иродасига таянамиз. Шунинг учун халқ вакиллари бўлган депутат ва сенаторларимиз парламент палаталарида мазкур масалани атрофлича муҳокама қилиб, ўз зиммаларига масъулиятни олган ҳолда, асосланган хулосаларини айтишлари керак”, деб таъкидлаган эдилар.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашида жорий йилнинг 26 март куни бўлган навбатдаги йиғилишда ЕОИИ билан ҳамкорлигига оид масалалар кўриб чиқилди. Йиғилишда миллий иқтисодиётимиз рақобатбардошлигини ошириш, соғломлаштириш ва тараққий эттириш учун халқаро иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва дунёда глобаллашув жараёнлари ривожланаётган бир даврда жаҳон иқтисодиётига интеграциялашувни тўлиқ таҳлил қилиб баҳо бериш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, ЕОИИ 2014 йилда Россия Федерацияси, Беларусь ва Қозоғистон Республикалари ўртасида тузилган шартнома асосида ташкил этилган халқаро ташкилотдир. Шунингдек, бу Иттифоққа 2015 йилда Арманистон ва Қирғизистон Республикалари аъзо бўлиб кирган, 2018 йилдан эътиборан Молдова кузатувчи мақомига эга.

ЕОИИнинг мақсади — аъзо давлатлар аҳолисининг турмуш даражасини ошириш борасида барқарор ривожланиш учун шароитлар яратиш, ЕОИИ доирасида товарлар, хизматлар, капитал ва иш ресурсларининг ягона бозорини шакллантиришга ҳаракат қилиш, миллий иқтисодиёт рақобатбардошлигини ошириш, ҳар томонлама модернизациялаш ва ўзаро кооперацияни ривожлантиришдир.

ЕОИИнинг иқтисодий ташкилот эканлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бу жиҳат ЕОИИга аъзо давлатлар суверинететига таъсир этмаслиги, давлатларнинг бири томонидан бошқасига ҳатто иқтисодий тазйиқ ўтказилиши мумкин эмаслиги равшан деб қараш лозим. ЕОИИнинг асосий мақсади ўзаро манфаатдорликдан иборат экан, шубҳасиз, унга кузатувчи-давлат сифатида қўшилиш масаласини муҳокама қилиш ўринлидир.

Фикримизча, ЕОИИ Ўзбекистоннинг аъзо бўлишидан манфаатдор. Чунки, бу тадбир ташкилотнинг нуфузини оширади. Ўзбекистондек салоҳиятли ва Ўрта Осиёдаги етакчи давлатнинг қўшилиши ЕОИИ учун кейинги йилларда рўй берган энг катта воқеа бўлади.

Ўзбекистон учун ЕОИИга аъзо бўлиш қандай ижобий ва салбий натижаларга олиб келиши мумкинлиги чуқур мулоҳаза, теран фикр ва муҳокама талаб этади.

Шу ўринда, баъзи фикрларимизни билдиришни лозим топдик. Дастлаб, бўлиши мумкин бўлган ижобий ҳолатларга эътибор қаратайлик:

– Ўзбекистонда аҳолининг 16 ёшдан 25 ёшгача бўлган қатлами зичлиги бошқа аъзо мамлакатларга нисбатан юқори эканлиги сабабли меҳнат миграциясида сезиларли даражада ижобий ҳолат содир бўлади. Минглаб мигрантларнинг тўлақонли ишчига айланишига имкон туғилади;

– Ўзбекистон аҳолисига хос бўлган меҳнатсеварлик ва тадбиркорликни тўла амалга ошириш ҳудуди кенгаяди;

– мамлакатда ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш учун зарур бўлган инвестиция манбаси вужудга келади;

– ЕОИИга аъзо давлатлар иқтисодий тизимлари уйғунлиги ривожланиш учун асос бўла олади.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмасида ЕОИИ давлатларининг улуши 2/3 қисмни ташкил этиши мамлакатимизни ташкилот билан муносабатларни йўлга қўйишга ундайди.

ЕОИИ Вьетнам, Хитой, Эрон, Сингапур каби ўнлаб давлатлар билан эркин савдо келишувлари имзолаган. Бу эса мазкур давлатлар билан ягона ташқи савдо сиёсати амалга оширилишини ифодалайди.

Интернет маълумотларига кўра, айни кунда ЕОИИ жойлашган ҳудуд майдони жиҳатидан дунёда биринчи бўлса, аҳоли сони бўйича 8-чи (ҳозирги кунда 184 миллиондан иборат) ва ЯИМ ҳажми бўйича 10 ўринда қайд этилмоқда.

Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзо мамлакат сифатида қўшилиши муайян масалаларни келтириб чиқариши мумкин. Биринчидан, импорт қилинувчи маҳсулотларнинг нархини тушиши натижасида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг бозордаги ўрнини сақлаб қолиши қийинлашади. Айниқса, монопол хусусиятга эга бўлган тармоқларнинг бозордаги ўрни хавф остида қолади. Шу билан бирга ЕОИИ доирасида умумий божхона тарифларини ўрнатилиши ортидан баъзи товарларнинг қимматлашиши юзага келиши мумкин.

Иккинчидан, ишчи кучининг чиқиб кетиши янада жадаллашади. Хусусан, Ўзбекистон ва ЕОИИнинг йирик иқтисодиётлари ўртасида иш ҳақи ҳажми бўйича сезиларли тафовутлар борлиги туфайли мамлакатимизда ишчи кучининг хорижга кўчиши юзага келади. Бу эса қишлоқ хўжалиги соҳасида хизмат қилувчиларга меҳнатга ҳақ тўлашнинг қимматлашувига олиб келиши мумкин.

Мазкур мамлакатлар ва Ўзбекистонда фаолият кўрсатувчи Трансмиллий компанияларнинг иқтисодий сиёсатидаги бир хилликнинг юзага келиши мамлакатимизда уларнинг фаолияти нобарқарорлашувига сабаб бўлиши мумкин.

Шундай қилиб, Ўзбекистоннинг ЕОИИ мамлакатларида ўз маҳсулотлари билан кириб боришида 184 миллионга яқин истеъмолчи мавжуд бозорларга нотариф тўсиқларсиз кириш имкони яратилади.

Таъкидлаш жоизки, миллий товар-маҳсулотларимизни ЕОИИ ҳудуди бўйлаб эркин сота олишимиз имкони пайдо бўлиши бизга аъзо мамлакатлар маҳсулотларининг эркин кириб келиши билан белгиланади. Бу масала ҳам мураккаб. Тўғри, мамлакатимиз ЕОИИга аъзо мамлакатларнинг барчаси билан икки томонлама ўзаро манфаатли келишув ва битимларга эга. Аслида эса ЕОИИга аъзо мамлакатлар биз билан ўзаро иккитомонлама муносабатларда ўз ички талабларидан ташқарига чиқишмайди. ЕОИИ манфаатлари ҳамиша устувор. Ўз-ўзидан маълумки, асосий устуворлик аъзо мамлакатлар маҳсулотларига нисбатан қўлланилади. Бизнинг маҳсулотларимизга эътибор даражаси нисбатан паст бўлади.

Шу каби муаммоларнинг бир нечтасини санаб ўтдик, холос. Нима бўлганда ҳам Ўзбекистоннинг ЕОИИга кузатувчи давлат сифатида ҳамкорлик қиладиган бўлса, ҳаётимизга катта ўзгаришларга олиб келади. Биз учун, энг асосийси, ушбу ўзгаришларда миллатимиз манфаатини ҳимоя қилиб, халқимиз фаровонлиги ва тинчлик-хотиржамлигини таъминлашимиз муҳим ҳисобланади.

Нодир Жумаев,
Абдулла Аслонов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, ЎзЛиДеП Фракцияси аъзолари.