Ўзбекистон ва Қозоғистон ўз ҳарбий аэродромларидан биргаликда фойдаланишга келишиб олди

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўз ҳарбий аэродромларидан биргаликда фойдаланишга келишиб олди. Бу ҳақда Қозоғистон мудофаа вазири ўринбосари Бауржан Тортаевга таяниб mudofaa.uz маълум қилган.

Ўзбекистон ва Қозоғистон мудофаа вазирликлари ўртасидаги ҳарбий аэродромларда ҳарбий ҳаво кемаларини қабул қилиш, аэродром-техник хизмат кўрсатиш ва қўриқлашни ташкиллаштириш ҳақидаги келишув ҳарбий ҳаво кемаларини ёқилғи, мой, мойлаш материаллари, махсус суюқликлар ва газ билан тўлдириш учун ўзаро ҳисоб-китоб механизмини белгилайди.

Вазирликлар ўртасида ҳаво ҳужумига қарши мудофаа соҳасидаги ҳамкорлик ҳақидаги яна бир келишув навбатчи кучларнинг тезкор ўзаро ҳаракатланиши ва ҳаво-коинот вазияти ҳақидаги маълумотлар билан ўз вақтида бўлишиш, фалокатга учраётган ҳаво кемаларига ёрдам кўрсатиш, қўшинларни биргаликда тайёрлаш, ҳаво ҳужумига қарши мудофаа қўшинларини ривожлантириш ва такомиллаштириш соҳасида тажриба алмашиш масалаларини ҳал қилишга қаратилган.

Иккала ҳужжат ҳам 15 апрелда Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида имзоланган. Ўзбекистон ва Қозоғистон раҳбарлари мудофаа ва ҳарбий-техника ҳамда коинот тадқиқотлари ва ишланмалари соҳаларида ҳамкорликни янада ривожлантиришга туртки бериш истагини билдиришган.