Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида янги автобус қатнови йўлга қўйилди

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан йўловчиларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида Фарғона вилояти Қўқон шаҳридан қўшни Тожикистон Республикасининг Шайдон шаҳрига автобус қатнови йўлга қўйилди. Бу ҳақида вазирлик ахборот хизмати хабар берди.

Жорий йилнинг 19 октябрь куни МН-28-сонли “Қўқон-Шайдон” йўналишининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Шайдон шаҳри ва Фарғона вилояти ҳокимияти мутасаддилари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Мазкур автобус қатновининг йўналиш масофаси 84,5 километр бўлиб, Шайдон шаҳри томонидан “РАХШ-R.M” масъулияти чекланган жамиятига тегишли микроавтобуслар ҳамда Қўқон шаҳридан “Мансур Мирзоҳид” МЧЖга қарашли ISUZU автобусларида йўловчиларга хизмат кўрсатилади. Йўл кира нархи 23 000 сўм этиб белгиланган.