Ўзбекистон ХДП Самарқанд вилоят Кенгаши  “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини ҳаётга татбиқ этмоқда

Юртбошимиз томонидан илгари сурилган ва бугун жадал амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бугунги кунда пайдо бўлаётган экологик муаммоларни ҳал қилиш мақсадида илгари сурилаётган ечимлардан биридир. Табиий яшил ҳудудларнинг йўқолиб кетишига йўл қўймаслик, ноқулай об ҳаво шароитларини олдини олиш каби масалаларда яшил маконларнинг аҳамияти каттадир. Шунингдек, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида йилига 200 млн туп дарахт ва бута кўчатларини экиш, шу орқали шаҳар ва туманлардаги яшил майдонларни амалдаги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш бўйича тегишли топшириқлар берилиб, ушбу вазифаларни бажариш учун  2 ноябрдан 10 декабргача бўлган муддат белгиланиб, «долзарб 40 кунлик» деб эълон қилинди.

Президентимизнинг ушбу топшириғига асосан, Халқ демократик партияси Самарқанд вилоят кенгаши томонидан алоҳида чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиб, шунга кўра вилоят ҳудуди бўйлаб амалий ишлар олиб борилмоқда. Чора-тадбирлар режасига мувофиқ, партиянинг фаоллари, 400 дан ортиқ бошланғич ташкилотлари, 100 нафардан кўпроқ депутатлари кўчат ўтқазиш ишларида фаоллик кўрсатишмоқда.

Хусусан, Самарқанд вилоят кенгаши аппарати ҳамда туман ва шаҳар кенгаши масъуллари томонидан«долзарб 40 кунлик» давомида вилоят бўйича 100 мингга яқин манзарали ва мевали дарахтлар ҳамда гул кўчатлари экиш бўйича тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Шу билан бирга, ҳудудларни кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштиришга, кўчатларни униб-ўсишини доимо назоратга олиш каби ишларни амалга оширишни мақсад қилиб олишган.

Дарҳақиқат, ҳозирда иқлим ўзгариши барчани бирдек ташвишга солмоқда. Амалга оширилаётган бу каби эзгу ишлар она табиатни асрашга ундаши билан аҳамиятлидир. Бу ишларни баҳор ойларигача давом этиши, инсониятга фойда келтирадиган даражада мамлакатимизни яшилликка буркашга олиб келади.

Шу каби амалий ишлар давоми сифатида вилоят кенгаши масъуллари томонидан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Оқдарё тумани ҳудудига бир қанча манзарали дарахт кўчатларини экишди. Ушбу жараёнда вилоят кенгаши хамда туман кенгаши депутатлари фаол қатнашдилар. “Яшил макон” нафақат «долзарб 40 кунлик» лойиҳа, балки халқимизнинг эртанги куни, мамлакат тараққиёти, фарзандларимизнинг соғлом бўлиб вояга етиши учун бардавом ташаббус бўлмоғи керак.  Атрофга 100 йиллаб тоза ҳаво бахшида этадиган дарахтларнинг соясида ҳузурланиб, мевасидан баҳраманд бўладиган инсонлар, келажак авлод дуоси ҳар биримизга насиб этсин.

Ўзбекистон ХДП Самарқанд

вилоят кенгаши раиси Б.Насриев