Ўзбекистонда 5 кунда коронавирусга қарши шифохона барпо этилади (фото)

Коронавирус пандемияси инсонлар ҳаётига хавф солаётган бир шароитда халқимизнинг жипслашаётгани, қўлдан келганча бир-бирига яхшилик улашаётгани кўнгилларни қувонтирмоқда.

Бебаҳо бойлигимиз – соғлиғимизни муҳофаза қилишга қаратилган хайрли ишларнинг эътиборга муносибларидан бири Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманидаги 53 гектар ҳудудда бошлаб юборилди, деб хабар берди Тошкент вилояти ҳокимлиги.

Қисқа фурсатда барпо этиладиган шифохонада хориждан чартер рейсларда келаётган ватандошларимиз карантинда бўлишади.

Шифохона пойтахтимиздан 25 километр узоқликда. Бу ерда барча шароитлар мавжуд бўлади. Шифохонани 5 иш кунида барпо этиш кўзда тутилган.

Касалхона биносининг лойиҳаси 3 кунда тайёр бўлди. Қурилиш вазирининг маълум қилишича, иккита катта клиника босқичма-босқич қуриб битказилади. Бу борада Хитой тажрибаси ўрганилди.

24 соат давом этаётган қурилиш жараёни давомида ишчиларнинг хавфсизлиги тўла таъминланган, саломатликлари эса доимий назорат остида. Машаққатли ва шарафли бу вазифада қурувчиларга сабот тилаймиз.