Ўзбекистонда коронавируснинг энг кенг тарқалган варианти "дельта" штамми экани маълум бўлди
Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази Ўзбекистонда аниқланган коронавирус инфекцияси ҳолатларини ўрганиш натижаларини эълон қилди.
Илмий тадқиқотлар натижаларига кўра, "дельта" штаммининг улуши 82 фоизни ташкил этади, бу бутун кузатувлар тарихидаги энг юқори кўрсаткичдир. Иккинчи ва учинчи ўринларни Alpha (10,3 фоиз) ва 20А (7,7 фоиз) штаммлари эгаллади.
"Сўнги ҳафталарда коронавируснинг "дельта" варианти умумий касалланишлар сонининг бешдан тўртидан ошди. “Ҳиндча" штамми, деб номланувчи вирус тури “Ухан” ва “Британия” версияларига қараганда кўпинча касалликнинг оғир шаклларига олиб келиши хавотирга солади. Бу умуман эпидемиологик манзарани тубдан ўзгартиради.
Афсуски, симптомсиз ҳолатлар камроқ учрамоқда ва инкубация даври қисқариб, соғлиқ учун жиддий оқибатлар хавфини кучайтиради.
Бироқ яхши янгиликлар ҳам бор: тадқиқотларимиз шуни тасдиқлайдики, ҳозирги вакциналар янги штаммларга қарши самарали. Эмланганлар камдан-кам ҳолларда касалликка учраган тақдирларида ҳам, инсон танасида вирус мутация қила олмаслиги сабабли COVID-19’ни енгил ўтказади. Буни 24 август куни олинган ZF-UZ-VAC2001 препарати синовларининг учинчи босқичи натижалари ҳам тасдиқлайди.