Ўзгаришни ўзимиздан бошласак-чи?

Олимлар келажакда Ўзбекистонни сув танқислиги, қурғоқчилик муаммоси қийнашини башорат қиляпти. Орол денгизи қуриб бўлганига анча бўлди, энди унинг ўрнида пайдо бўлган туз ва қумлар шамол билан учиб келаётганига гувоҳ бўляпмиз. Мутахассислар ер ости сувларининг ҳам анча пасайиб кетганини айтишмоқда. Хўш, сув танқислиги муаммосининг келиб чиқишига сабаб нима?

Авваллари кексаларимиз “Денгиз олдида яшасанг ҳам сувни тежа”, дер эди. Биз бугун ичимлик сувида томорқамизни суғоряпмиз, ҳовлимизга сув сепяпмиз, машина ювяпмиз ва ҳоказо. Сувга бўлган муносабатимиз шунчалар ёмонки, баъзида қўл ювиш учун жўмракни борича очиб, уни беҳудага исроф қиляпмиз. 

- Икки кун шаҳарда ичимлик сувини ўчиришганида, усиз ҳеч иш қилолмаслигимни билдим, - дейди танишларимдан бири. – Сув бор пайти уни истаганимча очиб, меъёридан ортиқ ишлатар эканман. Ўзимнинг лоқайдлигимдан уялиб кетдим. Сувнинг борида қадрига етиш керак экан. 

Баъзида сув қувурларини таъмирлаш учун шаҳарда бир-икки кунга сувни ўчиришса, одамлар сувнинг ҳар бир томчисини исроф қилмасдан ишлатади. Ичимлик суви берилгач, кўпчилик яна сувни тежашни унутади.  

Аслида ҳар бир табиат инъомини исроф қилмасдан ишлатиш оилада ўргатилиши керак. Болаликда олинган кўникма инсонга ҳаёти давомида қўл келади. 

Европа давлатлари мактабларида болаларга сувни тежаш, унинг ҳар бир томчисини қадрлаш ҳақида дарслар ўтилар экан. Шунинг учун улар экин ерларида аллақачон томчилатиб, ёмғирлатиб суғоришни йўлга қўйган. Ҳатто экинзорлар “Ақлли қишлоқ хўжалиги” технологияси асосида, масофадан туриб бошқарилади. Қачон ер сувсизланса, қурилмага бу ҳақда хабар келади. Фермер масофадан суғориш ҳақида буйруқ беради. Бизда эса ҳалигача пахта, буғдой ва бошқа экин майдонлари эски усулда – сувни ариқларда оқизиб суғорилади. 

Юртимизга сув танқислиги муаммоси хавф солаётган бир пайтда на ичимлик сувини, на оқова сувларни тежашни ўйлаяпмиз. Ҳатто сувни тежашни болаларимизга ҳам ўргатаётганимиз йўқ. 

Нафақат сувни қадрсиз қилдик, балки табиатга ҳам ёмон муносабатда бўлдик. Қанчадан-қанча дарахтларни кесдик, яшил табиатни пайҳон қилдик. Қишлоқ одамлари томорқасига мевали дарахт кўчатлари экмай қўйди. Илгари одамлар уйининг атрофига тол, терак каби манзарали дарахтлар экишарди. Кўчадан ўтаётганлар соя-салқин ҳаводан кўнгли кўтарилиб, дарахтларни эккан одамнинг отасига раҳмат айтиб кетарди. Энди эса одамлар ҳовлисига манзарали дарахтлар экишни истамаяпти. Сабаби, куз фаслида уларнинг баргини супуриб тозалаш қийин эмиш.

Атроф-муҳитни ифлос қилиш бўйича ҳам мамлакатлар рейтингини тузиб чиқишса, биринчи ўринни олсак керак. Ҳалигача бўшаган елим идиш, овқат қолдиғи, қоғоз, ишлатилган салфетка каби чиқиндиларни баъзи одамлар исталган жойга ташлаб кетади. Шаҳарни-ку, майли, ҳар куни ободонлаштириш ходимлари супуриб-сидириб, чиқиндидан тозалайди. Дам олиш учун тоғли ҳудудларга борсангиз, таъбингиз хира бўлади. Сабаби, бугун ҳар бир арча дарахтининг тагига чиқинди ташланган, тоза жой топиш қийин. Ўтган йил Зомин тоғига дам олишга борганимда бунга гувоҳ бўлгандим. Одамлар ўзлари билан тоққа олиб чиққан егуликларининг қолдиғини пастга олиб тушмайди, қаерда ўтирган бўлса, шу ерга ташлаб кетаверади. Шу сабабли тоғли ҳудудлар ҳам чиқиндиларга тўлиб бўлди. 

Ёшлигимизда қишлоқ жойлардаги хонадонлардан чиқинди чиқмасди. Ҳозир қишлоқларга ҳам чиқинди ташиш машиналари келадиган бўлди.

- Ҳозиргиларга ҳайронман, нимани чиқиндига ташлайди, – дейди онам. – Пўчоқларни молларга, овқат қолдиқларини мушук ва товуқларга, суякларни итга бераман. Ёқиладиган нарсаларни тандирни қиздиришда ёқиб юбораман. Ҳатто мол гўнгини ўғит сифатида ерга ишлатаман. Деярли ҳеч нарса чиқитга чиқмайди.   

Бугун қишлоқларда ҳамма ҳам бундай тутумли рўзғор қилмайди. Шунинг учун ҳам чиқинди машиналарига эҳтиёж туғилмоқда.

Ўзимиз она табиатга шафқатсизларча муносабатда бўляпмиз. Аммо тоза, соя-салқин, зилол сувли жойларда яшашни, дам олишни истаймиз. Хорижнинг курорт жойларини орзу қиламиз. Аслида ўзимизда ҳам баҳаво жойлар бўлган. Ҳозир ҳам бундай жойларни ташкил қилсак бўлади. Фақат бунинг учун ўзимизни ўзгартиришимиз керак. Одамлар ўзгаришни аввало, ўзидан бошласа, бизга берилган ҳар бир неъматнинг қадрига етилса, нур устига аъло нур бўлади. 

Қанийди, тилимиз билан дилимиз бир бўлса-ю, шу ўқиганларимизга бугундан амал қилсак. Ишхонада ҳам, уйда ҳам сувни тежасак, табиатни асраб-авайласак, чиқиндиларни белгиланган жойга ташласак ва бундан болаларимиз ўрнак олса дегандим. Бунинг учун кўп ҳаракат қилиш ёки кўп китоб ўқиш шарт эмас. Фақат фаросатли бўлиш керак, холос...

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.