Ўзини ўзи банд қилган оилавий корхоналар айланмадан солиқнинг 50 фоизини тўлайди
Президентимизнинг жорий йил 8 июндаги “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун қулай шароит яратиш, коронавирус пандемияси даврида даромадидан айрилган юртдошларимизни қўллаб-қувватлашда муҳим қадам бўлди.
Мазкур ҳужжат билан жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб ўзини ўзи банд қилган шахсларни рўйхатга олиш хабар бериш тартибида ўзини ўзи банд қилган сифатида рўйхатдан ўтганликни тасдиқловчи матрицали штрих код (QR-код) берган ҳолда махсус мобиль илова ёхуд солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали амалга оширилади. Шу тариқа вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари бериш тартиби бекор қилинди. Бунинг учун мазкур санадан бошлаб масофадан туриб рўйхатдан ўтиш учун Давлат солиқ қўмитаси томонидан “Soliq” мобиль иловаси ишга туширилди. Бунда иловани Android операцион тизимида ишлайдиган смартфон қурилмасига Play Market орқали юклаб олиш зарур.
Ушбу ҳужжат билан ўзини ўзи банд қилган шахслар 2020 йил учун ижтимоий солиқни ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ҳақиқатда ишлаган вақтидан қатъи назар, базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 50 фоизи миқдорида (111 500 сўм) тўлайди ҳамда ушбу сумма тўлиқлигича бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига йўналтирилади. Бу билан якка тартибдаги тадбиркорлар учун ўрнатилган тартибда пенсия ҳисоблаш учун даромад ҳажми аниқланади. Ўзини ўзи банд қилган шахслар ёлланма ишчиларни жалб қила олмайди ҳамда иш берувчига эга бўла олмайди.
Ўзини ўзи банд қилган шахслар учун назарда тутилган фаолият турлари билан шуғулланувчи, иштирокчилари сони камида уч нафар бўлган оилавий корхоналар айланмадан солиқни белгиланган миқдордан 50 фоизга камайтирилган ставкада тўлайди. Аввалги тартибга кўра, ўзини ўзи банд қиладиган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари 25 тани ташкил қилган бўлса, мазкур қарор билан уларнинг сони 67 тага етди.
Интернет тармоғи орқали хизматлар кўрсатувчи ёки ишлар бажарувчи ўзини ўзи банд қилган шахслар (фрилансинг) ҳам бир қатор ҳуқуқларга эга бўлди. Жумладан, уларга кўрсатилган хизматлар ёки бажарилган ишлар учун чет элдаги жисмоний ва юридик шахслар - норезидентлардан хорижий валютадаги тўловларни ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига тегишли маълумотларни киритмаган ҳолда республикамиз тижорат банкларидаги ҳисоб рақамларига қабул қилиши мумкин. Шунингдек, шартнома тузмасдан, келишув тўғрисидаги оммавий таклифни (оферта) қабул қилиш ёки электрон ёзишмалар алмашиш ёхуд ҳисоб-китоб фактураларни (инвойс), шу жумладан, электрон шаклда тақдим қилиш йўли билан чет эллик жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатиш (ишлар бажариш) ҳуқуқи берилди.
Қарорга кўра, жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарганда юридик шахслар -тадбиркорлик субъектларини давлат томонидан қайта рўйхатдан ўтказиш катта миқдорларда солиқ қарздорлиги мавжуд бўлмаган тақдирда хабар бериш тартибини қўллаган ҳолда бекор қилинди. Якка тартибдаги тадбиркорларни давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйиш улар давлат рўйхатидан ўтказилаётганда (қайта рўйхатга олинаётганда) тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш жойи бўйича амалга оширилади. Якка тартибдаги тадбиркорнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома унда якка тартибдаги тадбиркорнинг фотосурати акс эттирилган ҳолда берилади.
Жамшид Нарзиқулов,
Самарқанд вилоят давлат солиқ
бошқармаси бўлим катта инспектори.