Озиқ-овқат маҳсулотлари етиштирувчиларга амалий ёрдам кўрсатилади
Президентимизнинг жорий йил 9 сентябрдаги “Республика озиқ-овқат саноатини жадал ривожлантириш ҳамда аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлақонли таъминлашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан вилоят ҳокимлигининг чора-тадбирлар режаси белгиланди.
Эндиликда маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотларининг рақобатбардошлигини ошириш ва уларни диверсификация қилиш, ҳудудларнинг мавжуд табиий ва иқтисодий ресурсларидан унумли фойдаланиш асосида озиқ-овқат саноатини ривожлантиришнинг стратегия ва моделлари ишлаб чиқилади. Мева-сабзавот, гўшт, сут ва бошқа қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишловчи тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашнинг молиявий ва номолиявий чоралари – янги воситалар ва ахборот тизимларини яратиш, юқори самара берувчи йўналишлардаги лойиҳалар амалга оширилади. Замонавий савдо ва логистика марказларини ташкил этиш, маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотларини жаҳон бозорларида илгари суриш уларнинг рақобатдошлигини ошириш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш ҳамда импорт ҳажмини камайтириш чоралари кўрилади. Ҳудудларнинг мавжуд табиий ва иқтисодий ресурсларини ҳисобга олган ҳолда озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш ва уларни қайта ишлаш бўйича инвестицион лойиҳалар ташаббускорларини аниқлаш ва лойиҳаларни ишга тушириш учун доимий амалий ёрдам кўрсатилади.