ЎзХДП: Самарали ижтимоий сиёсат орқали ижтимоий давлатга
Самарқанд шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникасида Халқ демократик партиясининг ногиронлиги бўлган шахслар билан сайловолди ташвиқотига бағишланган учрашуви бўлиб ўтди.
Унда Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Нуриддин Исмоилов ва партиянинг бошқа раҳбар ходимлари, иштирок этди.
Сўзга чиққанлар сайловчиларга партиянинг Сайловолди дастури ҳамда депутатликка номзодларнинг дастуридан ўрин олган таклиф ва ташаббуслар мазмунини тушунтириб берди. Хусусан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг талаб ва эҳтиёжлари, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш масаласи партиянинг мақсади ва унинг электорати манфаатларидан келиб чиқиб таклиф этилаётганлиги таъкидланди. Бу орқали партия давлат аҳоли манфаатларини тўлақонли таъминлаш мақсадида кучли ижтимоий сиёсат юритилиши лозим, деган позициясида содиқ қолгани алоҳида қайд этилди.
— Ижтимоий тенглик бўлган жойда барқарорлик, ривожланиш бўлади, - дейди Улуғбек Иноятов. – Бугунги натижаларга эришиш осон бўлгани йўқ. 20 йил, 10 йил олдин қандай яшаганмиз, бугун қандай яшаяпмиз, барча буни қиёслаши ва ҳозирги имкониятларини қадрлаши керак. Шу билан бирга, келажагимиз учун ҳам қайғуришимиз лозим. Яқинлашиб келаётган сайловларда фаол иштирок этиш, партия ва депутатликка номзодлар дастурлари билан танишиш ва муносибларга овоз бериш шулар жумласидан. Агар сиз кучли ижтимоий давлатда, ҳар бир фуқаронинг фаровонлиги таъминланадиган жамиятда яшашни истасангиз, партиямиз ва унинг номзодларига овоз беринг!
Сайловчилар партиянинг Сайловолди дастуридаги таклиф ва ташаббуслар юзасидан фикрлар билдириб, фаолларга ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилди.