Пандемия шароитига мослаштирилган намунавий дарс жадвали ишлаб чиқилди
Халқ таълими вазирлиги томонидан 2020-2021 ўқув йилининг 1-чораги учун умумтаълим мактабларининг пандемия шароитларига мослаштирилган намунавий дарс жадвали ишлаб чиқилди.
Мазкур дарс жадвали асосида умумтаълим мактабларининг навбатлилиги (сменаси), ўқувчи ўрни, синфлар ва ўқитувчилар сонидан келиб чиқиб, ушбу намунавий жадвалга мослаштирилган ҳолда дарс жадвалини тузиш тавсия этилади.
Дарс жадвалини тузишда қуйидаги талабларга эътибор қаратилади. Жумладан, бир вақтнинг ўзида ўқувчилар кўп тўпланмаслиги ва тирбандликнинг олдини олиш учун дарс машғулотларининг бошланиш вақтлари белгиланади (бошланғич синфлар учун 8:00 да, 5-8 синфлар учун 8:30 да, 9:11 синфлар учун 9:00 да).
Ўқувчиларнинг соғлиғини ҳимоялаш, ижтимоий масофани сақлаган ҳолда ортиқча мулоқот қилишларининг олдини олиш мақсадида жисмоний тарбия, чақириққа қадар бошланғич ҳарбий тайёргарлик, мусиқа маданияти, тасвирий санъат ва чизмачилик, технология ҳамда тарбия фанлари ўқув йили бошида вақтинчалик ўтилиши тавсия этилмайди. Ушбу фанлар масофавий таълим шаклидаги телевизион дарслар орқали ўзлаштириб борилади. Шуни аълоҳида таъкидлаш керакки, мазкур фанлардан дарс бераётган ўқитувчиларнинг ойлик иш ҳақи тўлиқ сақлаб қолинади ва улар мактабдаги ўқув-тарбия жараёнини ташкил этиш билан боғлиқ ташкилий масалаларга жалб этилади.
Танаффус вақтларида санитар-гигиеник талабларга риоя этиш, ижтимоий масофани сақлаш ва ўқувчиларнинг ўзаро мулоқотини чеклаш мақсадида дарслар оралиғида қўнғироқлар чалиш тавсия этилмайди. Танаффус вақтларида бир вақтда ўқувчилар тўпланишига йўл қўйилмайди.
Дарслар орасида 5 дақиқалик танаффус берилади. Шунингдек, бошланғич синфда 2-соат дарсидан кейин, 5-11 синфларда 3-соат дарсидан кейин 10 дақиқалик катта танаффус, сменалар оралиғида эса 30 дақиқа тозалаш учун вақт берилади.
Масофавий шаклда таълим олаётган ўқувчилар учун телевизион дарслар жадвали жорий йилнинг 10 сентябридан бошлаб вазирликнинг расмий сайти ва ижтимоий тармоқдаги саҳифалари орқали эълон қилиб борилади.
Эслатиб ўтамиз, 2020/2021 ўқув йили расман жорий йилнинг 14 сентябрь кунидан бошланади.