Пандемияни енгиш учун ҳадисларда нима дейилган?
Хабарларнинг дунёнинг ҳамма бурчакларига бир зумда, яшин тезлигида тарқаладиган глобаллашган дунёда яшамоқдамиз. Олимлар глобаллашув ҳодисасининг яхши ва ёмон томонлари ҳақида жуда кўп ёзишган ва ёзишмоқда. Энди шу ахборотларнинг рост ва ёлғон томонларини бир четга қўяйликда, айнан биз билан шу жойда ва шу вақтда рўй бераётган ходисалар ҳақида мулоҳаза юритайлик.
Инсоният шу кунларда тарихий тараққиёти мобайнида дуч келган “тождор вирус”, яъни “COVID-19” номли коронавирус пандемияси билан боғлиқ ходисага юзма-юз келиб турибди. Бу инсоният тарихидаги 18-пандемия ҳисобланади. Пандемиянинг муайян минтақада тарқалган юқумли касаллик – эпидемиядан фарқи шундаки, у бутун ер шари миқёсида ёппасига тарқалувчи офатдир.
Бугунги инсониятнинг солномаларида ёзилишича, биринчи пандемия XI-XII асрларда бутун Европа ва Осиёни қамраб олиб, дунёда юз миллион кишининг ёстиғини қуритган “Юстинян ўлати” деб номланган офатдир.
XIV асрнинг ўрталарида Хитойдан бошланиб, бутун Европани мажруҳ қилган “қора ўлим” номли ўлат эпидемиясидан эса 34 миллион киши ҳалок бўлган.
XIX аср бошидан буён 7 марта хуруж қилган вабо пандемияси юз миллионлаб кишиларни қирғин қилган.
1918-1919 йилларда ер юзида “испанча грипп” пандемиясидан 550 миллион киши касалланади ва уларнинг 15 фоизи ҳалок бўлган.
2009-2010 йилларда “чўчқа грипи” номини олган H1N1 вируси Мексикадан бошланиб, бутун Ер юзини эгаллади ва у 220 минг кишига юқиб, улардан қарийиб 2 минг нафарини ҳалок қилди.
Бугунги кунда “тождор вирус” пандемиясидан ташқари 1981 йили Жанубий Африка республикасидан бошланган ОИТС (СПИД) инфекцияси шу чоққача 60 миллион кишига юқди, улардан 25 миллиони ҳалок бўлди.
Бу рақамлар ҳар биримизни жиддий ўйлашга ундаши лозим. Тўғри, илгарилари одамларнинг тиббий саводхонлиги паст, даволаш учун дори-дармонлар етарли бўлмаганлиги боис юқумли касалликларни енгиш қийин кечган.
Аммо тарихдан маълумки, XI-XII асрлардаги ўлат пандемияси Фарғона водийсига ҳам тарқалган. Ўлатни енгиш жуда қийин бўлган. Шунда, ислом динига мансуб уламолардан бири ҳадисларда баён этилган 7 усулни қўллаб, аҳолини ўлатдан қутқариб қолган экан. Бу усуллар қуйидагилар:
Биринчидан, касалларни ажратиб қўйиш (изоляция қилиш);
Иккинчидан, тозаликка қатъий риоя қилиш;
Учинчидан, тўғри ва покиза овқатланиш;
Тўртинчидан, одамларнинг чилла сақлаб, уйларидан чиқмаслиги (карантин – фр. quarantaine от итал. quarantena — «қирқ кун ва қирқ тун»);
Бешинчидан, одамларнинг ғуж бўлмаслиги (жамоавий ибодатлардан тийилиш);
Олтинчидан, сабр-тоқатли бўлиш;
Еттинчидан, ваҳимага тушмаслик.
Бу усуллар бугунги кунгача ўз аҳамиятини йўқотмаган.
Пандемия таъсири Ўзбекистонга ҳам етиб келгач, ҳукуматимиз ўз унинг тарқалиб кетиши олдини олишга оид оқилона қарорлар чиқарди. Биз Хитой, Франция, Италия ва бошқа мамлакатлар тажрибасидан тўғри хулоса чиқариб, имкони борича касаллик тарқалишининг олдини олишимиз лозим. Бир жойдан бошқа жойга боришни тўхтатишимиз, касалларни яширмаслигимиз, чегараларнинг ёпилишини тўғри тушунишимиз, худудлар ўртасидаги алоқаларни имкон қадар камайтиришимиз лозим. Бу чоралар иқтисодга катта зарар келтиради. Лекин ундан ҳам энг қимматбаҳо бўлган инсон капиталини сақлаб қолиш учун ҳар қандай иқтисодий зарарга тайёр туришимиз зарур.
Бугунги глобаллашув шароитида одамларнинг ўзаро ва жаҳон бўйлаб коммуникацияси ниҳоятда жадаллашиб кетган бўлиб, бундай шароит юқумли касалликларнинг кенг тарқалишига сабаб бўлмоқда. Бошқа томондан тиббиётнинг ривожланганлиги, аҳолининг тиббий саводхонлиги ошганлиги юқумли касалликларга қарши курашиш имкониятини ҳам кенгайтиради. Тез орада COVID-19 – коронавируснинг антибиотиги ҳам топилади. Агар бир ёқадан бош чиқариб, карантин шартларига қатъий риоя қилиб, касалланганларни яширмай, уларнинг ўз вақтида тиббий ёрдам олишига имконият яратсак, ҳар биримиз ибрат кўрсатиб, интизомли ҳаракат қилсак бу пандемияни енгамиз.
Оммавий ахборот воситалари орқали берилаётган маслаҳатларга риоя қилишимиз, бир-биримиз билан бевосита алоқаларни камайтиришимиз, касалларни аниқлашда тиббиёт ходимларига кўмаклашишимиз, ҳимоя воситаларидан самарали фойдаланишимиз, ваҳимага берилмаслигимиз, бир-биримизга меҳр-мурувват кўрсатишимиз пандемияни енгишимиз учун асос бўлади.
Пандемиянинг чўзилиши ҳам, қисқартириш ҳам ўз қўлимизда эканлигини унутмайлик. Биз уюшқоқ ва интизомли бўлсак пандемияни енгамиз. Халқимизнинг ақл-фаросат, сабр-тоқат, меҳр-мурувватлилик сифатлари бу синовдан ҳам эсон-омон ўтишимизга ёрдам беради.
Бахтиёр ТЎРАЕВ,
фалсафа фанлари доктори, профессор.