Парча чандирлик фуқаро 446 минг сўмни нега тўлайди?
Парча Чандир маҳалласи кейинги вақтларда ижтимоий тармоқларда, шу билан бирга вилоятдаги кўпгина ташкилотларда анча “танилиб” қолди. Негаки, маҳалла фаоллари, хусусан, раис ва котибнинг хатти-ҳаракатидан норози бўлиб ёзилган аризалар бири кўриб чиқилмасдан навбатдагиси рўйхатга олина бошлади.
Ана шундай мурожаатлар муаллифларидан бири яқинда ўзининг қилмишлари учун суд олдида жавоб беришига тўғри келди. Чунки, у маҳалла раисини ўзи вазифасига нолойиқ, деб ҳисоблаб, бунга раиснинг бир бева аёл билан ишқий муносабатларда айблайди.
Исботи, далили бўлмасдан тарқатилган бундай гап-сўзлар учун, табиийки, маҳалла раиси уни судга беради.
Албатта, қачон кўргансиз, мурожаатчи ўзининг ноҳақ эканлигини тан олганини. Раисни маънан бузуқ, деб билган фуқаро суд мажлисида бундай гап тарқамаганман, деган кўрсатма берган. Бироқ гувоҳларнинг кўрсатмалари, хусусан, маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилган мажлис баёни ва бошқа далилларга асосан суд бу фуқарони айбдор деб топди.
Суд маҳалла раиси тўғрисида турли иғво тарқатган фуқарога базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари, яъни 446 минг сўм жарима жазоси тайинлаб, давлат фойдасига ундирилишини белгилади.
Қиссадан ҳиссани ўзингизга қолдирамиз.
Паст Дарғом тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.