Пашинян Арманистондаги вазият юзасидан Путин билан маслаҳатлашмоқчи
Арманистон бош вазири Никол Пашинян Россия президенти Владимир Путинга хат билан мурожаат қилди. Хатда у Кавказорти Республикаси чегараларидаги вазиятни ҳисобга олган ҳолда ёрдам кўрсатиш бўйича маслаҳатлашувлар ўтказиш муҳимлигини таъкидлади. Ушбу хабар Арманистон ТИВ вазирлиги сайтида эълон қилинди.
Расмий Ереван ўз хавфсизлигини таъминлаш учун Арманистон Республикасига Москва томонидан кўрсатилиши мумкин бўлган ёрдам тури ва миқдорига аниқлик киритиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди.
“Мамлакат чегарасига ҳарбий ҳаракатларнинг яқинлашиши, ҳудудга тажовуз қилиш ҳолатларини инобатга олган ҳолда, Бош вазир Арманистон ва Россия ўртасидаги иттифоқчилик муносабатлари ва 1997 йил 29 августдаги “Дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам кўрсатиш шартномаси”нинг 2-моддасига асосан, Арманистон Республикаси хавфсизлигини таъминлаш учун Россия Федерацияси кўрсатиши мумкин бўлган ёрдам турини ва миқдорини аниқлаш мақсадида Россия Президентига зудлик билан маслаҳатлашиш учун мурожаат қилди”, деб ёзилган Арманистон ташқи ишлар вазирлиги хабарида.
Бунга жавобан Россия ТИВ агар тўқнашувлар тўғридан-тўғри Арманистон ҳудудига кўчса, Москва Ереванга барча керакли ёрдамни беришга тайёрлигини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойи охирларида Тоғли Қорабоғ ҳудудидаги вазият зиддиятли тус олди. Озарбайжон ва Арманистон мудофаа вазирликлари бир-бирини жанговар ҳаракатларни биринчи бўлиб бошлаганликда айблади. Тоғли Қорабоғ ҳудудида жанговар ҳолат эълон қилинди.