Паст Дарғом тумани: Аҳоли ичимлик сув билан қачон тўлиқ таъминланади?
Шу савол ҳамда туманда истиқомат қилаётган 353 мингдан зиёд аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлашнинг бугунги аҳволи, шу мақсадда қандай ишлар қилингани, қишлоқларга ичимлик сув тармоғи тортиш, сув минораларини қуриш, уларни реконструкция қилиш бўйича қандай тадбирлар амалга оширилаётганини билиш учун Паст Дарғомда бўлдик.
Маълумотларга кўра, туманда мавжуд аҳолининг 245 минг 600 нафари ичимлик сув билан таъминланган. Аммо 42,6 минг ёки 12,8 фоиз аҳоли «пишма кранлар», 30,3 минг нафар ёки аҳолининг 9,1 фоизи булоқ ва қудуқлар, 5,7 минг аҳоли шахсий скважиналаридан фойдаланган ҳолда сув ичади.
Аҳолини сувга муҳтож қилишга ҳаққимиз йўқ
- Бугунги кунда тумандаги 65 минг 396 хонадоннинг 47 минг 739 таси ёки 73 фоизи марказлашган тоза ичимлик суви билан таъминланган, - дейди туман ҳокими Шунқор Худойбердиев. - Айни пайтда Президентимиз қарорига мувофиқ, 2018-2020 йилларга мўлжалланган “Зарафшон дарёси сувидан фойдаланиш ҳисобига вилоят аҳолисини ичимлик сув билан таъминлаш тизимини яхшилаш” лойиҳаси бўйича ишлар бажарилмоқда. Жумладан, ўтган йили Беклар, Олтиқаҳрамон маҳаллалари ҳамда Пахтакор маҳалласидаги Мустақиллик, Қўшқудуқ маҳалласидаги Зарбдор қишлоқларида тўртта янги сув иншооти қурилди ва 5 километрдан зиёд ичимлик сув тармоғи тортилди. Шунингдек, туман маркази ва олис қишлоқлардаги сув иншоотлари реконструкция қилинди, яроқсиз ҳолга келиб қолган тармоқлар алмаштирилди.
Бу йил эса Зангибойи, Тосқўлтон, Туркман, Гулакандоз, Равот маҳаллалари, шунингдек, “Маданий юриш” маҳалласидаги Пичоқчи, Боғишамол маҳалласидаги Иттифоқ қишлоқларида 4,2 километр масофага янги ичимлик тармоғи тортилмоқда. Бунинг натижасида йил якуни билан туман бўйича яна 678 хонадон ёки 3,5 мингдан зиёд аҳоли марказлашган ичимлик сув билан таъминланади.
Бироқ марказий тармоқнинг ишга туширилиши ҳамманинг кўчасига, уйига сув кириб боради, дегани эмас. Ҳали сув тармоғи тортилмаган ҳудудлардан ташқари, бундан эллик йил аввал ётқизилган қувурлар яроқсиз ҳолга келган қишлоқлар кўп. Аниқроқ айтадиган бўлсак, туманимиздаги 107 маҳаллада 298 та сув иншооти мавжуд бўлиб, шундан 47 маҳалладаги мавжуд сув иншоотлари яроқсиз ҳолга келиб қолган. 2021-2023 йилларга мўлжалланган дастур асосида ҳудудларда ичимлик суви таъминоти ва сув тармоқларини қуриш, таъмирлаш бўйича республика бюджет маблағлари ҳисобидан 47 та лойиҳа амалга оширилади. Бунинг натижасида 47 та янги сув иншооти қурилади, 23 таси реконструкция қилинади, 70 километрга яқин ичимлик сув тармоғи тортилади. Шунда 2023 йил якуни билан аҳолининг 94 фоизи марказлашган ичимлик сув билан таъминланади.
Албатта, аҳолини сувга муҳтож қилишга асло ҳаққимиз йўқ. Шунинг учун бу муаммоларни ҳал этишда ўз имкониятларимизни ҳам ишга соламиз. Яъни, маҳаллий бюджет маблағлари эвазига ичимлик сув етишмовчилиги жиддий муаммо бўлган қишлоқларга янги сув иншоотлари қурамиз, борларини реконструкция қиламиз.
Қўшқудуқда энди сув бор, соҳилободликлар ҳамон сувга зор
Тумандаги Қўшқудуқ маҳалласида 4 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Маҳалланинг Зарбдор қишлоғида яшовчи 2 минг аҳоли шу пайтгача сувни узоқ масофадан ташиб келиб истеъмол қиларди. Ўтган йили бу ерга иккита янги сув иншооти қурилди ва 2,5 километрга сув қувури ётқизилди. Бугун аҳолининг тоза ичимлик сувга бўлган эҳтиёжи қондирилган.
Аммо туманнинг Қорасув маҳалласидаги Соҳилобод қишлоғи аҳолиси кўп йилдан буён сувни олисдан ташиб ичади.
- Қишлоғимиз марказида битта артезиан қудуғи бор, - дейди шу ерлик Болиқул Ҳамроев. - Анча эскирган бу сув иншооти бирда ишлаб-бирда ишламай қолади. Аксига олиб, бугунгидай совуқ кунлар бўлганда электр энергияси ўчади. Шунда сувни 1-1,5 километр олисдаги Қорасув қишлоғида чиқадиган артезиан қудуғидан ташиб келишимизга тўғри келади. Ҳовлимиз-ку, майли, кўчамиз бошига битта бўлса-да сув тармоғи бўлишини узоқ йилдан буён орзу қиламиз...
Пичоқчига сув келди
“Маданий юриш” - Паст Дарғомнинг Оқдарё ва Самарқанд туманлари қишлоқлари билан туташ маҳалласи. Унинг таркибидаги Пичоқчи қишлоғи ҳамда 30-умумий ўрта таълим мактаби шу пайтгача марказлашган ичимлик сув билан таъминланмаган эди. Жорий йилги дастурга асосан айни кунда бу ерда сув иншооти таъмирланиб, сув қувурлари ётқизилаётган экан. Биз иш жараёнлари билан танишдик.
– Тасдиқланган лойиҳа ижросига кўра, Пичоқчи қишлоғига 1,1 минг километрлик ичимлик сув тармоғи тортилмоқда, – дейди “Самарқанд сув таъминот” масъулияти чекланган жамияти Паст Дарғом тумани филиали раҳбари Раҳим Одиров. – Бунинг натижасида 30-мактаб ва қишлоқдаги 40 дан зиёд хонадон аҳолиси сув билан таъминланади. Ҳадемай қўшни Ертешар қишлоғи аҳолиси ҳам тоза сувдан баҳраманд бўлади. Лойиҳага кўра, бу қишлоқдаги иккита кўчага сув тармоғи тортилади.
Биз шу ерда филиал раҳбаридан туманда сувдан оқилона фойдаланиш, сув истеъмолини ҳисобга олиш учун сув ўлчагич асбоблари ўрнатилиш аҳволи ҳақида ҳам сўрадик.
Яширмайман, туманда фойдаланилган сув учун тўлов ва сувни тежашга эътибор талаб даражасида эмас, - дейди Р.Одиров. – Яъни, туман бўйича абонентлар 17 минг 470 тани ташкил этган бўлса-да, уларнинг аксарияти хонадонида сув ҳисоблагич йўқ. Аниқроғи, шу йил 1 ноябрь ҳолатига кўра 7 минг 340 хонадонга сув ўлчагичлар ўрнатилган. Бу жами мижознинг 42 фоизини ташкил қилади. Биз аҳолининг сувни тежашга бўлган муносабатини ўзгартиришга ва хонадонларга сув ўлчагичлар ўрнатишга алоҳида эътибор қаратганмиз. Бу аста-секин ўз самарасини кўрсатади. Аммо айни кунда тўловлар вақтида амалга оширилмаётгани боис туманнинг барча ҳудудларида учрайдиган ичимлик сув таъминотидаги муаммоларни ҳал этиш учун куч ва имкониятимиз етарли эмас. Шу билан бирга тумандаги мавжуд сув тармоқлари эскирган, олис ҳудудларга сув қувурлари тортилмаган, қолаверса аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш борасида режаштирилган ишларимиз кўп маблағ талаб қилади.
Акрам ҲАЙДАРОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).