Паст Дарғом туманида ширкат раиси кўп қаватли уйларни ўзи раҳбарлик қилаётган фирмага таъмирлатган

Устига-устак ажратилган 353,3 миллион сўм пулларни ўзлаштириб юборган

Мазкур ҳолат иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Паст Дарғом туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда аниқланган.

Маълум бўлишича, “Н” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раиси А.А. бир вақтнинг ўзида “Ғарб” кичик корхонаси раҳбари лавозимида ишлаган.

Ажабланарлиси шундаки, ширкатга қарашли уйларни таъмирлаш айнан “Ғарб” кичик корхонаси ва “Д.Т.” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилган. Бироқ 647,3 миллион сўмлик ишлар амалга оширилганлиги ҳақидаги ҳисоб-фактура тўловга тақдим этилган бўлса-да, ҳақиқатда 293,9 миллион сўмлик ишлар бажарилган.

Яъни, 353,3 миллион сўмлик бажарилмаган ишлар ҳисоб-фактурага қўшиб ёзилиб, тўлов учун тақдим қилинганлиги оқибатида жуда кўп миқдордаги маблағлар растрата ёки ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинган.

Аниқланган мазкур ҳолат юзасидан иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Паст Дарғом туман бўлими томонидан А.А. ҳамда “Д.Т.” МЧЖ раҳбарига нисбатан жиноят иши қўзғатилган ва бу иш прокуратурага юборилган.

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Самарқанд вилоят бошқармаси.