Паст Дарғомдаги маданий мерос объектлари асраб-авайланадими?
Таҳририятимизга Паст Дарғом тумани Хончорбоғ маҳалласида яшовчи Ш.Сахатов мурожаат қилиб, Қайрағоч қишлоғидаги қабристондан қадимий қабртошлар топилганини баён қилиб, қабристон ҳудудини маданий мерос объекти сифатида рўйхатга олишда муаммолар юзага келаётганини баён қилган.
Қайд этилишича, фуқаро ушбу масалада вилоят маданий мерос бошқармасига мурожаат қилган. Бошқарма эса Паст Дарғом тумани ҳокимлигига хат йўллаб, қадимий қабристон ва ундаги қадимий қабртошларни маданий мерос обектлари рўйхатига ҳамда давлат муҳофазасига киритишга розилик бериш ҳамда ер майдонини белгилашда кўмаклашишни сўраган.
Мурожаатчининг қайд этишича, орадан бир ойдан ортиқ вақт ўтган бўлса-да ушбу масала очиқлигича турибди.
Кейинги пайтда Паст Дарғом туманидаги қадимий қабристон ва тепаликлар, янги топилмалар ҳақида биз ҳам каналимизда бир нечта материаллар бердик.
Вилоят маданий мерос бошқармаси ва Паст Дарғом тумани ҳокимлиги ушбу ёдгорликларни муҳофаза қилиш, уларни тадқиқ этиш ҳақида ўйлаб кўрса яхши бўларди.