Пахтачида фаолият юритаётган қўшма корхонанинг хорижий таъсисчиси нуфузли мукофотни қўлга киритди

Пахтачи туманида фаолият юритаётган “Nath Bio Genes CA” қўшма корхонасининг хорижий таъсисчиси – “Nath Industries Ltd» компанияси нуфузли “Export Excellence Award” мукофотини қўлга киритди.

Мукофот Ҳиндистон ҳукуматининг савдо ва саноат вазири Ануприя Пател томонидан “Nath Industries Ltd” раҳбари Нандкишора Кагливаланига Мумбай шаҳрида топширилди.

Қишлоқ хўжалиги экинларининг гибрид уруғларини Африка ва Осиё давлатларига етказиб бериш билан шуғулланиб келаётган “Nath Industries Ltd” (Ҳиндистон) компанияси Инновацион ривожланиш вазирлиги (ҳозир – Инновацион ривожланиш агентлиги) билан ҳамкорликда Ўзбекистонда “Nath Bio Genes CA” МЧЖ қўшма корхонасини ташкил этиб, қишлоқ хўжалик экинлари уруғларини тадқиқ қилиш, етиштириш ва соҳага инновацион технологияларни қўллаш билан шуғулланмоқда.

Шу кунга қадар қўшма корхона томонидан пахта далаларига ғўза зараркунандаларига қарши курашда пуркашни талаб қилмайдиган BT технологияси жорий қилинди. Шунингдек, компания томонидан уруғликнинг униб чиқишида ва генетик софлигини сақлашда самарали технологиялар ишлаб чиқилган. “Nath Bio Genes CA” МЧЖ экин майдонларида BT технологияси бўйича биринчи маротаба гибрид навлари парваришланмоқда.