Пахтачида ментал арифметика бўйича олимпиада ташкил этилди
420+380+655+987. Сиз бу мисолнинг жавобини шу заҳотиёқ айта оласизми? “Бу қийин мисол-ку”, деяпсизми? Лекин сизнинг тўрт ёки беш ёшли фарзандингиз бу ишни бемалол, бир неча сония ичида уддалаши мумкин. Бу - ментал арифметика.
Пахтачи туманида 5-14 ёшли болажонлар ўртасида республика ментал арифметика олимпиадаси ташкил этилди. Мусобақада Самарқанд, Қашқадарё, Навоий, Бухоро вилоятларидан 200 нафар бола иштирок этди.
- Мен ментал арифметика фанидан анчадан буён болажонларга ўргатиб келаман, – дейди мусобақа ташкилотчиси М.Баҳронова. – Бу фан бўйича тўгарак марказини ҳам ташкил этганман. Яқинда вилоят ҳокими туманимизга келганида марказимиз фаолияти билан қизиқди ва 5 та замонавий компьютер совға қилди. Натижада ментал арифметикага қизиқувчи ва марказимизга келувчи ўқувчилар сони икки бараварга ортди.
Иштирокчилар мусобақада ёшларига қараб категорияларга ажратилган ҳолда ўзаро беллашишди. Уларга 16-20 дақиқа вақт берилди. Қизғин курашлар остида ўтган беллашувда Навоий шаҳридан келган 5 ёшли Сабрина Илҳомова ўз категорияси бўйича мусобақанинг олий ўрнини қўлга киритди.
- Мен Навоий шаҳридан ташриф буюрдим. Мисолларни 17 дақиқада ишладим, – дейди жажжи ғолиб С.Илҳомова.
Мусобақанинг яна бир иштирокчиси Қашқадарё вилоятидан келган 6 ёшли Сулаймон Ҳайитмуродов 100 та мисолни15 дақиқа ичида ишлаб, олий ўринни қўлга киритди.
Мусобақа иштирочилари эсдалик совғалари, медаль, кубок ҳамда диплом билан тақдирланди.
Жамолбек Саломов.