Пахтачида яна битта кутубхона фойдаланишга топширилди

Пахтачи туманидаги Урганжи маҳалласида янги кутубхона фойдаланишга топширилди.

Президентимиз 2019 йил 11 январда Самарқанд вилоятига ташрифи давомида ҳар бир туманда замонавий кутубхона ташкил этиш бўйича топшириқ берган эди. Ушбу топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида ўтган йили туманда 11 минг китоб фондига эга “Intellect” халқ кутубхонаси ҳамда инновацион ўқув маркази ташкил этилган бўлса, бу йил Урганжи маҳалласида 2 минг 300 китоб фондига эга ушбу маърифат маркази қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Кутубхонанинг очилиш маросимида туман ҳокими М.Ҳамдамов, зиёлилар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди ва бу ерда китобхонлар учун яратилган шароитлар билан танишди.

- 5 та муҳим ташаббусни ҳудудларда кенг тадбиқ этиш мақсадида бунёд этилган кутубхонамиз Урганжи ва қўшни Оқтепа маҳаллаларида яшовчи 7 мингдан зиёд  аҳолига хизмат кўрсатади, - дейди кутубхона мудираси Марзия Ёрқулова. – Китоблар асосан ҳомийлар ва китобсеварлар кўмагида жамланди. Хусусан, таниқли шоир Фармон Тошев ўзининг 120 дан зиёд, депутат Эркин Нурбоев 100 дан ортиқ, Исоқул Ўринов, Турғун Мардонов, Барно Санақулова каби китобсеварлар 50-60 тадан янги китоблар совға қилишди.

Дарвоқе, ушбу маънавият ўчоғи ҳам шу маҳаллада яшовчи тадбиркорлар ҳомийлиги асосида қурилди. Кутубхонанинг мутолаа зали бир вақтнинг ўзида 30 нафар китобхонга хизмат кўрсатади.

Иззатулла НОРҚУВВАТОВ.